Йўл патрул хизмати ҳамда пост-патрул хизматининг стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ҳукумат қарори лойиҳасида акс эттирилган.

Унга кўра, 2022 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент вилояти Охангарон туманида жойлашган «Чинор» ва Наманган вилояти Поп туманида жойлашган «Наманган» йўл-патруль хизмати стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизими жорий этилади. Бу тартиб босқичма-босқич республиканинг қолган йўл-патруль хизмати стационар постларида ҳам қўлланилади.

Маълум қилинишича, бу белгилар халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларининг серқатнов жойларида ташкил этилади.

Транспорт воситаларининг ҳаракати автоматлаштирилган тизим орқали қайд қилиниб, ҳайдовчиларга ёруғлик диодли экран орқали ишора бериш йўли билан ташкил этилган йўлаклар ёрдамида тартибга солинади.

Низомга кўра:

  • яшил йўлак — ушбу йўлак орқали тегишли ҳужжатлари тўлиқ, қидирувда бўлмаган, қарздорлиги мавжуд тоифага кирмайдиган ҳамда техник соз ҳолда бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.
  • қизил йўлак — қоидабузарлик, қарздорлик ёки бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган йўлак.

Яъни, қизил йўлакдан ҳаракатланиши буюрилган транспорт воситалари бўйича тегишли текширув ишлари ўтказилади, аниқланган камчиликларни (қарздорлик бўйича постларда ташкил этилган банк терминаллари орқали тўловни амалга ошириш, транспорт воситаларини вақтинча ушлаш майдончаларига жойлаштириш) бартараф этган ҳолда ҳаракатини давом эттиришга рухсат бериш чоралари кўрилади.

Лойиҳада белгиланишича, постларда хизмат ўтаётган ходимлар:

  • ҳудудий ички ишлар органлари навбатчилик қисми ва марказий ахборот диспетчерлик хизмати билан доимий алоқада бўлади;
  • постларда мавжуд монитор ёрдамида, транспорт воситаларини қизил ва яшил йўлакларда тўғри ҳаракат қилиб келаётганлигини назорат қилади;
  • йўл белгиси ёки мониторда намоён бўлган маълумотларга амал қилмаган транспорт воситасини ўрнатилган тартибда тегишли ишора бериш йўли билан тўхтатади;
  • техник жиҳозларда носозликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўради;
  • постлардан қизил йўлак бўйлаб ўтган транспорт воситалари бўйича кунлик ҳисоботни юритади.

Маълум бўлишича, яшил йўлакда ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳолларда тўхтатилиши ва текширилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бунда ҳайдовчилар постга келганда монитордаги ишораларга сўзсиз риоя этиши керар бўлади. Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

«Яшил» ва «Қизил» йўлак тизими босқичма-босқич жорий этиладиган стационар постлар рўйхати:

Биринчи босқичда:

  • Тошкент вилояти — «Чинор» ЙПХ стационар пости
  • Наманган вилояти — «Наманган» ЙПХ стационар пости

Иккинчи босқичда:

  • Андижон вилояти — 45-ЙПХ стационар пости;
  • Тошкент шаҳри — «А. Турбонов», «Эркин», «Бектемир», «Шарқ», «Уч қаҳрамон», «Келес» ЙПХ стационар постлари;
  • Тошкент вилояти — «Ойбек» ЙПХ стационар пости;
  • Сирдарё вилояти — «Сирдарё» ЙПХ стационар пости;
  • Жиззаҳ вилояти — «Манас-14»,"Яккабоғ-15″ ЙПХ стационар постлари;
  • Самарқанд вилояти — «Юқори нуқта», «Омонқўтон» ЙПХ стационар постлари;
  • Қашқадарё вилояти — «Мингчинор», «Умакай», «Ширинбулоқ» ЙПХ стационар постлари;
  • Сурҳондарё вилояти — «Дарбанд», «Мангузар» ЙПХ стационар постлари.

Учинчи босқичда:

  • Бухоро вилояти — «Сармижон» ЙПХ стационар пости;
  • Навоий вилояти — «Караката», «Зарафшон», «Самарқанд» ЙПХ стационар постлари;
  • Хоразм вилояти — «Момокўпир» ЙПХ стационар пости;
  • Қорақалпоғистон республикаси — «Бройлер», «Мискин», «Довут ота» ЙПХ стационар постлари.

Шунингдек, инсон омилини чеклаган ҳолда транспорт воситалари тўсиқсиз ҳаракатланиши таъминланади ҳамда транспортлар тўғрисидаги маълумотларни масофадан узатиш ва ҳаракатланишини назорат қилиш имкониятини яратувчи «RFID» (Радио частотани идентификациялаш технологияси) тизими жорий этилади.

Бу билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига кириш-чиқиш жойларидаги йўл-патруль хизмати масканлари, блокпост ва тўсиқ постларида «RFID» тизими эксперимент тариқасида қўлланади. Унга ИИВ масъул орган сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, 2023 йилнинг иккинчи чорагига — апрель ойига қадар «RFID» тизимини жорий этиш доирасида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудида рўйхатга олинган транспорт воситалари уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш ҳамда уларни техник кўрикдан ўтказишда «махсус белги билан жиҳозланган стикер"лар билан бепул таъминланиши мумкин.

Бунинг учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил март ойига қадар «Яшил» ва «Қизил» йўлаклар ҳамда «RFID» тизимларини жорий этиш бўйича техник ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Ушбу мақсадларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси 1 февралга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.