Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра сафари тўловлари миқдорига қўшилган қиймат борасида турли мулоҳазалар билдирилганидан сўнг, қўшимча тўлов тафсилотини баён қилди.

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатган.

«Аввал қайд этганимиздек, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилди. Бунинг устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилган.

«Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли „Пулман зам-зам“ ва Байтуллоҳ атрофидаги „Жабал Умар“ ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган», — дейилади изоҳда.

Қўшимча қилинишича, «бу зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш, дуою илтижолар билан банд бўлишда енгиллик беради». Йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Саудияда умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятларини ўрганган, бунда Саудия ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан умрани ташкил этиш бўйича лицензияга эга ширкатлар бўлишига эътибор қаратилган. «Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини билдириш билан кифояланамиз», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси узоқ йиллик ҳамкор ширкати ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун имконияти кенгроқ «Абу Сарҳад» ширкати билан шартнома имзоланганини маълум қилган.

«Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас», — дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, 2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилган. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.