Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Халқ таълими вазирлиги таркибидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

«Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирда халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар сони 790 тага етган. Уларнинг 135 таси тўлиқ ихтисослаштирилган ва ётоқхонаси мавжуд. Қолган 655 та мактабда атиги 25 фоиз синфларда у ёки бу фан чуқур ўргатилади. Улардаги таълим дастури, ўқитиш методикаси, фан тўгараклари оддий мактаблардан деярли фарқ қилмайди. Мисол учун, математика ёки чет тилига ихтисослашган синфларда 2 соат кўпроқ махсус фан ўтилади, холос.

«Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак», — деган президент.

«Бир нарсани чуқур тушуниб олишимиз керак: иқтисодиётимизга жуда катта марра олганмиз. Бу йил экспортимизни 14 млрд долларга чиқармоқчимиз. 2025 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 100 млрд долларга, экспорт ҳажмини 30 млрд долларга етказишни режа қилганмиз. Буни ким қилади? Билимли кадрлар!» — дея таъкидлади у.

Шу сабабли янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда йиғилишда ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилган. Ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилган.

Шунингдек мазкур мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилган.

«Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик?», — дея юзланган президент.

Шу билан бирга, йиғилишда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бошқа мактабларда ҳам таълим сифатини ошириш, фанлар ва хорижий тилларни чуқур ўргатиш масалалари муҳокама қилинган.

«Таълим тизимини „оёққа қўймас“ эканмиз, ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқимиз, жамиятимиз маҳкам киришиши керак. Нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда», — деди Шавкат Мирзиёев.

2018 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида президент мактаблари ташкил этилишини маълум қилган эди. 2019 йилнинг февралида президент мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланганди. Бундай мактаб илк бор Тошкент шаҳрида очилган эди.

Айнан шу ойда президент қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиши белгиланганди.

Ўтган йилнинг ёз ойида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги — Президент таълим муассасалари агентлиги этиб қайта номланганди.

2019 йилда Ўзбекистонда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Ундан сўнг яна математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил топди.