Бу ҳақда президентнинг 17 январдаги «Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-90-сон] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади.

Норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Резидент ва норезидент жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.

Аввалроқ, давлат раҳбарининг ушбу қарори билан UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powetrain жамиятларининг 100 фоиз акцияси фонд биржасида сотувга чиқарилиши ҳақида ёзгандик. Шунингдек, яна 6 та акциядорлик жамиятидаги давлат улуши сотувга қўйилиши режалаштирилмоқда.