Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун билан хусусий тиббиёт муассасалари учун имтиёзлар жорий этилди, деб хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Хусусан, Солиқ кодексининг 243-моддаси 1-қисми 11 ва 14-бандларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, тиббиёт муассасалари тиббий хизматларни (бундан косметологик хизматлар мустасно) реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилди.

Бу хизматларга қуйидагилар кириши белгиланди:

  • тиббий ёрдам ва санитария;
  • диагностика, профилактика ва даволаш;
  • стоматология хизматлари, шу жумладан тиш протезлаш бўйича хизматлар.

Бундан ташқари, санаторий-курорт, соғломлаштириш хизматлари, жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни реализация қилиш ҳам айланма солиқ солишдан озод қилинди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш муассасалари эгаллаб турган ерлар (туристик ҳудудларда жойлашган санаторий-курорт муассасалари бундан мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари рўйхатига киритилди. Шундай қилиб, хусусий тиббиёт муассасалари ҳам ер солиғи бўйича имтиёзларга эга бўлди.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 337-моддаси 1-қисми 4-бандига кўра, тегишли лицензия асосида тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар бўйича фойда солиғига 0% ставка қўлланилиши белгиланган:

  • тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш,
  • ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари,
  • стоматологик хизматлар, тиш протезларини ўрнатиш хизматлари (бундан косметология хизматлари мустасно).

Бу билан хусусий тиббиёт билан ўз эгалигидаги ерларда, шу жумладан ижара асосидаги бинолар жойлашган ерларда шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига ер солиғи бўйича ҳам кенг имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилгани ҳақида хабар берилганди.