2022 йил 17 январь ҳолатига Ўзбекистон бўйлаб қарийб 38 минг истеъмолчи томонидан 575 мингдан ортиқ харид чеклари кешбэк учун «Soliq» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Шерзод Қудбиев пойтахтда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Маълум қилинишича, 37 952 нафар истъемолчи 7 млрд 12 млн 126 минг сўмлик кэшбекларни ўз ҳисобига ёзиб қўйган — ҳар бир кишига ўртача 185 минг сўмдан тўғри келади.

«Энди курашишни ҳам курашиш йўли бор. Курашиш йўли фақат қамчи билан бўлмайди. Одамлар ўзи курашиши керак. Ҳамма сўраши керак кешбэкни. QR-кодни сканерлайсиз, 1 фоиз сизга қайтиб тушади. Қаранг, 7 млрд сўмни биз халқимизга қайтариб беришимиз керак. Бу яхшими, ёмонми?», — деб савол билан юзланган қўмита раиси.

1 январдан МХИК акс эттирилмайдиган чекларни тақдим этиш тақиқланганига қарамасдан, айрим тадбиркорлик субектлари томонидан назорат-касса техникаларини янги талабларга мослаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

Шерзод Қудбиев айни шу масалада ҳам фикр билдирди.

«Soliq-Hamkor деган илова ҳам бор. Яъни мабодо сизга чек бермаса, сиз ўша жойни, ҳозир ҳамма дўконлар махсус QR-кодлар қўйишни бошлашди, шу кодни „сканерлаб“ Soliq-Hamkor`га киритсангиз, агар код қўйилмаган бўлса ўша жойни расмга олиб „менга чек бермади“ деб ариза бериб юборсангиз, биз бу аризангизни кўриб чиқамиз. Аризангизни кўриб чиқиш натижасида эртага 5 млн сўмдан 20 млн сўмгача жарима бор. Қанча жарима ундирилса, ўша жариманинг 20 фоизини ариза юборган одам олади», — деди у.

Қайд этилишича, мобил дастурда жорий қилинган хизматда агар фуқаронинг харид чекини унинг ўзидан олдин ким рўйхатдан ўтказганини кўриш имконияти ҳам яратилди.

Қўмита раисининг сўзларига кўра, чек берилмаслига қарши кескин чоралар кўрилади. У нега кешбэк суммалари бирданига тўланмаётганига ҳам изоҳ берди.

«Чекни олганингиздан кейин масалан, мана ручка сотиб олдингиз, сизнинг бу ручкани қайтариб беришга ҳуқуқингиз бор. Шунинг учун то ҳисобот даври тугамагунча, бу чекда ўзгартириш бўлмагунча вақт ўтади. Шунинг учун, битта ҳисобот даври тугаганидан кейинги ойни 20-санасигача кешбэкларни юклаб олиш имконияти бўлади», — деди Шерзод Қудбиев.

14 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 401 минг 604 та харид чеклари кешбэк учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган ва жами кешбэк суммаси 5 млрд сўмдан ортиқни ташкил этганди.