14 январь куни Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларнинг 30 йиллиги нишонланди. Ушбу сана муносабати билан «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати армия ҳақидаги асосий рақамлар ва фактларни инфографика кўринишида эълон қилди. «Газета.uz» очиқ маълумотлар асосида Ўзбекистон ҳарбий қудратини таҳлил қилиб чиқди.

Қуролли Кучларга Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, ДХХ, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг тегишли бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасалари киради.

Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистоннинг мудофаа сиёсати қуйидаги тамойиллар асосланади:

  • бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, ҳарбий агрессияни бостириш ва бартараф этиш ҳоллари бундан мустасно;
  • хавфсизликнинг бўлинмаслиги, бошқа давлатларнинг хавфсизлиги ҳисобига ўз хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги;
  • бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимолий низоларни тинч йўл билан ҳал етиш;
  • ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилганда ҳар қандай давлатлараро ташкилотдан чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиш;
  • мудофаа етарлилиги;
  • ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар табиатига мувофиқлиги;
  • ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш;
  • Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома тамойилларига содиқлик;
  • ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва иншоотларнинг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;
  • Қуролли Кучларнинг тинчликпарварлик операциялари ва хориждаги ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги;
  • маънавий-ахлоқий қадриятларга ва халқнинг маданий ва цивилизацион ўзига хослигига таяниш.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Global Firepower Index-2021 дунё армиялари рейтингида 140 мамлакат орасида Ўзбекистон 54 ўринни эгаллаган. МДҲ давлатлари орасида Россия (2), Украина (22) ва Беларусдан (52) кейин тўртинчи ўринни эгаллаб турибди, Марказий Осиёда эса — биринчи ўринда.

Global Firepower рейтингида 50 фактор баҳоланади, асосийлари қаторида: мудофаага маблағ сарфланиши даражаси, техника ва ускуналар арсенали, армия сони, танклар, кемалар, самоётлар ва бошқа ҳарбий техникаларнинг сони, нефть маҳсулотлари мавжудлиги, армия хавфсизлигига алоқадор бошқа факторлар. Рейтингда давлат географик хусусиятлари (денгизга кириш), ишлаб чиқариш ва баъзи ресурсларнинг истеъмоли (нефт) ҳисобга олинади. Ядро қуроллари эса ҳисобга олинмайди.

Global Firepower маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни (Жаҳон банкининг 2018 йилдаги маълумотларига кўра — 68 минг нафар) ташкил этади. Шундан фаол аскарлар — 55 минг нафар (дунёда 45 ўринда), ҳарбийлаштирилган тузилмалар — 10 минг нафарга тенг (44 ўрин). Солиштириш учун: Қозоғистонда — 77 минг, Афғонистонда — 325 минг, Тожикистонда — 16,5 минг ҳарбий хизматчи мавжуд. Ўзбекистонда фуқароларни ҳарбий хизматга сафарбар қилиш салоҳияти 13,47 млн нафарга тенг. Ҳарбий чақирув ёшидагилар — 616,8 минг ва бу дунёнинг 35 кўрсаткичи демакдир.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ўзбекистон Ҳаво кучларининг ҳарбий ҳаво техникалари — 200 та авиатехникани ташкил этади (45 ўрин). Шундан 59 таси — қирувчи, 18 таси — транспорт авиацияси, 20 таси — ҳужумкор самолёт, 7 таси — ўқув самолётлардир. Ҳаво кучлари шунингдек, 96 та вертолёт, шу жумладан, 33 таси жанговар (19 ўрин). Қозоғистонда — 237 та, Афғонистонда — 270 та, Тожикистонда эса — 25 та ҳаво кемалари мавжуд.

Ўзбекистон ҳаво мудофааси қўшинлари ва ҳаво кучлари МиГ-29 қирувчилари, Су-25 ҳужумкор самолётлари, Ил-76, Airbus C-295W CASA ҳарбий транспортлари, қолаверса, Airbus H-125, Airbus H-215, Ми-24 и Ми-35 ҳаво кемаларидан иборат.


Фото: Президент матбуот хизмати.

Қуруқлик кучлари 420 танк (34 ўрин), 1215 та зирҳли транспорт (54 ўрин), 137 та ўзиюрар артиллерия ўрнатмалари (29 ўрин), 60 дона оғир артеллерия (74 ўрин) ва 98 дона ракета тизимларини (37 ўрин) ўз ичига олади.

Ўзбекистон ҳарбий техникаларни маҳаллий даражада ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. 2017 йилнинг ноябрида мамлакат саноатининг импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош ва экспортбоп ҳарбий ва икки томонлама маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлаштириш мақсадида Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилганди. 2021 йилнинг ноябрида маҳаллий дизайндаги Qalqon енгил зирҳланган автомобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ўзбекистонда замонавий ўқув-моддий техника воситалари билан жиҳозланган 20 та ўқув полигони мавжуд бўлиб, уларнинг 12 таси халқаро талабларга мувофиқ қурилган ва турли йўналишларда ҳарбий мусобақалар ўтказиш имконини беради. Қўшинларни доимий жанговар тайёргарликда ушлаб туриш мақсадида 2021 йилда 1100 дан ортиқ жанговар вазиятларга яқин кутилмаган текширувлар ўтказилди, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан икки баробар кўпдир.

Мамлакат ҳарбий хизматчилари Халқаро армия ўйинларида муваффақиятли қатнашишмоқда. АрМИ-2021 ўйинларида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронзани қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2 ўринни эгаллашди. 2020 йилда Ўзбекистон АрМИ ўйинларининг 30 та иштирокчиси орасида 3 та конкурсда ғолиб чиқиб, 11 та мусобақада эса совринли ўринларга эришиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Сўнгги маротаба Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари тўрт йил олдин очиқланганди. Ўшанда 2018 йил давлат бюджетидан ЯИМнинг 4 фоизи миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилганди. Мамлакат ЯИМ 290,6 трлн сўмга етиши тахмин қилинганди, шу тариқа мудофаа харажатлари 11,62 трлн сўмни ёки 1,44 млрд долларни ташкил қилган бўлиши мумкин (бу ҳақда шунингдек Жаҳон банки ҳам маълум қилганди).

Мудофаа харажатлари давлат бюджетининг «бошқа ташкилотлар» бўлимига киритилган бўлиб, унда бошқа тузилмалар (ДХХ, ПДХХ ва бошқалар) фаолияти харажатлари ҳам ҳисобга олинган бўлиши мумкин. «Бошқа ташкилотлар» давлат бюджетидан 2020 йилда — 23,3 трлн сўм, 2021 йилда — 26,2 трлн сўм олган, 2022 йилда эса — 29 трлн сўм ажратилиши тахмин қилинмоқда.