Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати жорий умра мавсумида илк рейсни 22 январь куни Саудия Арабистонигa учиришга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

«Шундан сўнг, 25, 28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар амалга оширилади. Келгусида муборак сафарга рейсларни сезиларли даражада ошириб борилади, инша Аллоҳ», — дейилади хабарда.

Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.

Идора маълум қилишича, 2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 млн 770 минг сўм тўлайди.

«Ушбу қўшимча тўловни белгилашда, меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларни таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларимизга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Мазкур тўловларни амалга оширишда зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида, «Алоқабанк» АТнинг барча филиалларида ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам Умра тўловлари қабул қилинади.

Таъкидланишича, умра сафарига борувчи фуқаро COVID-19`га қарши «Astra-Zeneca», «Moderna», «Pfizer» ёки «Jonson & Jonson» вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим. «Талаб қилинган вакциналарни эмас, балки „Спутник V“ ва Ўзбекистон-Хитой каби вакциналар билан тўлиқ эмланган фуқаролар юқорида саналган вакциналаридан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига мувофиқ, Саудия Арабистони ҳудудига умра зиёрати учун кираётган хорижлик фуқаро талаб этилган вакциналар билан эмланган бўлиб, бу тўғридаги сертификатга ва 48 соатлик ПЦР тестига эга бўлиши, зиёратчи ўзи билан 30 та тиббий ниқоб олиши (ҳар 4 соатда алмаштириш учун) ва Саудия Арабистонида доимий тиббий ниқобда юриши ва оралиқ масофага риоя қилиниши белгиланган.

Таъкидлаш керакки, тиббий ниқоб тақмаганлик учун 300 АҚШ доллари миқдорида жарима белгилаган. Зиёратчилар умра сафари якунида она-Ватанга қайтишдан аввал ўз ҳисобларидан Макка шаҳридаги меҳмонхонада ПЦР тест топширишлари керак бўлади, дейилади хабарда.