Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев 5 январь куни қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани ва 2 кун ўтар-ўтмас — 7 январь куни одатдаги тартибда ишлашга киришгани ҳақида ёзган эдик.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» телекўрсатувида бунинг сабаби маълум қилинди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, президент хаттоки 48 соат ҳам дам олмаган.

«Қозоғистондаги инқирозли кунлар бошланганданоқ президентимиз учта давлат раҳбари билан телефон орқали боғландилар ва Қозоғистондаги вазият минтақамизга бўлган таъсири бўйича муҳокамалар олиб бордилар. Қўшимча қилиб, шуни айтишим мумкинки, халқимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва хавфсизлиги президентимиз учун доим биринчи ўринда турган ва давлат раҳбари доим халқ билан биргалар. Президентимизнинг таътилдан тез қайтишларининг сабабларидан бири бу — Қозоғистондаги барқарорлик, тинчлик тарафдори эканларининг ифодасидир», — деди Шерзод Асадов.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Қозоғистон, Тожикистон ва Туркия президентлари билан Қозоғистондаги тартибсизликларни муҳокама қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, президент ўтган йили ҳам айнан январь ойида — 4−11 январь кунлари (7 кун) қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, бу президентнинг ушбу лавозимга сайланган 2016 йилдан буён иккинчи меҳнат таътили.

2019 йил август ойида Шавкат Мирзиёев 14 йиллик бош вазир ва 3 йил (ўша вақтда) президентлик лавозимидаги фаолиятида биринчи маротаба таътилга чиққани ҳақида хабар берилган эди.