Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилди.

Қолаверса, университетни трансформация қилиш ва унда комплекс ривожлантириш дастури амалга оширилади. Уни 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш ишлари олиб борилади.

Бундан ташқари, СамДУда Трансформация офисини ташкил этилади, унинг раҳбари эса университет проректорига тенглаштирилади. Университет фаолияти рақамлаштирилиб, таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этилади.

Университет таркибида икки институт ва битта филиал ташкил этилади. Улар:

  • агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрловчи Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти;
  • муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрловчи Муҳандислик физикаси институти;
  • педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи Университетнинг Ургут филиали.

Ушбу ўқув даргоҳларининг фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.

Университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Агробиотехнологиялар институтида давом эттиради.

Университетнинг физика ва математика факультетлари таркибидаги амалий бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Муҳандислик институтида давом эттиради.

Филиал Ургут туманидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2019 йилнинг 8 октябридаги [ПФ-5847-сон] қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда камида 10 та ОТМни халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги ОТМлар рўйхатига киритиш назарда тутилган. Улар қаторида Ўзбекистон миллий ҳамда Самарқанд давлат университетларини 500 талик рейтинга киритиш режа қилинган эди.

Бундан ташқари, ўтган йили сентябрь ойида Ўзбeкистондаги 10 та ОТМ Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг агентлиги Times Higher Education томонидан эътироф этилганди.