COVID-19га қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг 11 январдаги қарори билан Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга қарши мажбурий тест топшириш жорий этилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди. Мазкур қарор мамлакатда коронавирус ҳолатлари сонининг ортиши ва «омикрон» штамми аниқлангани муносабати билан қабул қилинди.

Хусусан, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктларини ташкил этади. Келган барча фуқаролар коронавирус учун экспресс тестдан ўтишлари керак. Тест синовларидан ўтиш қиймати Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича сўм эквивалентида 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланади. Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50% чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларни ковид учун текшириш шарт эмас.

«Аэропортлар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, синов зоналари паспорт назоратидан ўтишдан олдин ёки ўтгандан кейин ташкил этилади», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Қайд этилишича, тўловни амалга ошириб, чекни олган йўловчи тўғридан-тўғри тест топширишга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Синов натижаларини олиш учун тахминан 15 дақиқа вақт кетади. Бу вақт ичида йўловчи юк олиб, божхона назоратидан ўтишга улгуриши мумкин. Терминалдан чиққач, штрих-код сканердан ўтказилади ва йўловчи тезкор коронавирус тести натижасини олади. Тест ижобий натижа берса, йўловчи мажбурий тартибда изоляцияга юборилади.

Шу билан бир қаторда, ҳозирда авиакомпанияларда 48 соатдан кўп бўлмаган вақт олдин берилган ПЦР тестининг салбий натижаси тўғрисидаги гувоҳнома жўнашдан олдин мавжуд бўлиши ҳақида қоида мавжуд.