2022 йилнинг 3 ойида эмланганлик сертификатини олган фуқаролар ўртасида қимматбаҳо ютуқли ўйин ташкил этилади, дея хабар бермоқда ССВ.

Ўйин январь, февраль ва март ойлари давомида сертификат олганлар ўртасида бўлиб ўтади. Бош соврин — автомобиль.

ССВнинг хабар чиққанидан кейин қўшимча қилишича, аввалроқ вакцина олган фуқаролар ҳам шу йилнинг февраль ойидан бошлаб ўтказиладиган мазкур ютуқли ўйинда иштирок этишлари мумкин.

Бундан ташқари, ССВ Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги 11-сон қарорида 18 ёшдан катта аҳоли қатламини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш белгилангани, қолаверса, Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра, ходим эмланишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигини эслатиб ўтган.

Шу сабабли ССВ ташкилотлардан ходимларнинг 2022 йил 20 январга қадар коронавирусга қарши эмланишини таъминлашни ҳамда сабабсиз эмланмаганларни ишга қўймаслик чораларини кўришини сўраган.

Маълумот ўрнида, эмлашга қарши тиббий кўрсатмалари бор фуқаролар бундан мустасно. Тиббий чекловлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернетдаги ресурсларида мавжуд.

20 нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга эса сайёр эмлаш бригадасини жалб этиш имконияти ҳам яратиб берилади ва эмлаш бепул амалга оширилади.