Улуғбек Муҳаммадиев президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Нигоҳ Telegram канали хабар берди.

Шу муносабат билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимидан озод этилди.

У 2020 йилнинг 30 июль куни ДХА директорлигига тайинланган эди. Унга қадар эса юқоридаги лавозимда фаолият юритган.

Маълумот учун, Улуғбек Муҳаммадиев 1977 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, маълумоти олий, Ўзбекистон Миллий университети (тадбиқий математика ва ҳуқуқшунослик йўналишлари), Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (халқаро муносабатлар йўналиши)ни тамомлаган, мутахассислиги математик, ҳуқуқшунос.

Қайд этилишича, У. Муҳаммадиев меҳнат фаолиятини 1999 йили Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув бўлими инспектори вазифасидан бошлаган. 2001−2008 йилларда Ўзбекистон президенти девони, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси котибиятида масъул лавозимларда хизмат қилган. 2008−2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси сифатида фаолият юритган.

2017−2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон президенти девони Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати етакчи инспектори, шўъба мудири, Ўзбекистон президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни президент фармони билан Давлат хизматлари агентлигининг собиқ директори Халилилло Турахужаев Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимига тайинланганди.