7 январь куни давлат рақамисиз бўлган Malibu ҳайдовчиси президент ташрифи чоғида ўрнатилган чекловларга бўйсунмагани ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари машинага қарата бир неча маротаба ўқ узишгани ҳақида ёзгандик.

UzReport телеканалида эфирга узатилган (Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тайёрланган) репортажда ЙПХ инспектори Элшод Раҳматов нима сабабдан ўқотар қуролдан фойдаланганини тушунтириб берди.

«Юнусобод тумани Янгишаҳар кўчасида йўлни қарама-қарши томонидан Malibu русумли давлат рақамлари бўлмаган автоулов катта тезлик билан ҳаракатланиб келаётган вақтида йўлни ўртасига чиқиб, тўхтатиш мақсадида диққат ишорасини бердим. Фуқаролар ҳаётига хавф солганлиги, ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаганлиги сабабли ИИВ меъёрий буйруқ ва талабларига асосан қурол қўлладим. Қурол қўллаганим сабабли кўрилган чора-тадбирлар натижасида автоулов тўхтатилди», — деди у.

Репортажда таъкидланишича, ҳайдовчи бу каби қоидабузарликни биринчи марта содир этмаган.

«Ушбу фуқаро 2006 йилда ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди томонидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган жиноят иши ярашув билан тугатилган. 2007 йилда эса ҳудди шу турдаги жиноят иши амницияга асосан якунланган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ҳайдовчи 2021 йилда хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик, қизил чироқда ҳаракатланиш, рухсатсиз «тонировка» ўрнатиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш ва йўл белгиларига амал қилмаслик каби қоидабузарликлар содир этган. Бунинг учун эса жами 7,9 млн сўмдан кўпроқ жаримага тортилган.

«Билдирсойга бордим. Битта ўзим ўша ерда ароқ ичдим. Тўрт кундан бери тургандим, бешинчи куни бу ер қимматлик қилади, ҳисобни ёпаман деб, …уйимга келдим. Ўша куни маст ҳолатда бўлиб, ходимлар тўхтатишига қарамасдан, қонуний талабларини бажармадим. Лекин қиган ишларимни ҳаммасидан пушаймонман. Спиртли ичимлик ичганим сабабли ўзимга жавоб бера олмай қолдим. Айб менда, бўйнимга оламан. Ароқ, пиво ичибман, кейин „ўчиб“ қолибман», — деди у.

Юнусобод туман прокуратураси ҳолат юзасидан ЖКнинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Газета.uz» таҳририяти кўп маротаба ҳуқуқбузарликларни содир этиб, одамлар ҳаётига хавф солаётганларга нисбатан жавобгарликни кучайтиришга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, видео қайд этиш мосламасига тушиб қолган тасвирларда ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига қарамасдан чорраҳадан ҳаракатланишда давом этганини кўриш мумкин. Унинг ортидан махсус хизматларга қарашли UAZ Patriot қувиб кетган. Орадан кўп ўтмасдан ортига қайтган Malibu машинасини органлар ходимлари ўраб олишган. Шундан сўнг, UAZ Patriot келиб, унинг йўлини тўсган. Тўппончадан ўқ узилишлар овози эшитилган.

Ходимлар ўраб олишига қарамасдан ҳайдовчи ҳаракатда давом этиб, чорраҳадан ўтиб кетади. Автомобилга қарата яна ўқ узишгани эшитилган. UAZ Patriot яна унинг ортидан кетади. Жами 10 мартача ўқ товушлари эшитилган.

Ўшанда мазкур ҳолатга ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов изоҳ бериб, Malibu боқшарувида 1976 йилда туғилган, кучли даражадаги маст ҳолатидаги фуқаро А.А. бўлганини маълум қилганди.