Олмаотада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тинчликпарвар кучларини олиб чиқиш бошланди, деб хабар берди Tengrinews.kz.

Қуруқликдаги қўшинлар Ҳарбий институти парад майдонида ўтказилаётган тинчликпарвар контингентни кўриш маросимида КХШТ бош котиби Станислав Зас, Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Муҳамеджан Таласов ва Олмаота шаҳри мэри Бахитжан Сагинтаев иштирок этди.

«Сиз стратегик ва бошқа муҳим объектлар хавфсизлигини таъминладингиз. Сизнинг келишингиз туфайли қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ходимлари бандит унсурларни қидириш ва қўлга олиш бўйича ўзларининг бевосита вазифаларини бажаришга киришдилар», — деди Муҳаммаджон Таласов тинчликпарварларга мурожаат қилиб.

Мамлакатга келган контингент ҳарбий хизматчилари Қозоғистон мудофаа вазири номидан миннатдорчилик билдирди. Мудофаа вазири буйруғи билан бир қатор тинчликпарварлар «Халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун» медаллари билан тақдирланди.

КХШТ тинчликпарвар контингентининг Қозоғистондан босқичма-босқич олиб чиқилиши Қозоғистон президенти белгилаган муддатга мувофиқ, 13 январдан бошлаб амалга оширилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, контингентнинг умумий сони 2030 нафар аскарни ташкил этади, КХШТ кучлари Олмаота ва Нур-Султон шаҳарларига жойлаштирилган.