12 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Стратегик ривожланиш агентлиги фаолияти муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2021 йилда жами 10 млрд доллардан ортиқ, жумладан, 8,1 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бунинг натижасида 318 та йирик ва 15 мингдан зиёд ҳудудий лойиҳалар амалга оширилиб, 273 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилган. Янги корхоналар жами 1 млрд доллардан зиёд экспорт ва 530 млн долларлик импорт ўрнини тўлдириш имкониятига эга.

Шунингдек, 2021 йилда экспорт миқдори 2020 йилдаги 9 млрд ўрнига 12 млрд долларни ташкил этди. Бунда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли кўпайган.

2022 йилда эса 9,5 млрд доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий сармояларни ўзлаштириш, 282 та йирик ва 9 мингдан ортиқ ҳудудий лойиҳалар ишга тушириш мўлжалланган. Экспорт ҳажмини 14 млрд долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.

Йиғилишда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берди.

Давлат раҳбари ҳар бир инвестиция лойиҳасини доимий назоратга олиб, ташаббускорларга кўмаклашиш ва ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.

Туризм, тиббиёт ва машинасозлик тармоқлари, ҳудудлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида хорижий инвестицияларни жалб қилиш даражаси пастлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис улар бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, қўшимча сармоялар йўналтириш вазифаси қўйилди.

Президент ишлаб чиқаришни ва саноат кооперациясини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш, бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди. Жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни ўзлаштирган маҳаллий корхоналар маҳсулотлари кафолатли харид қилинади. Бу жараёнга ҳоким ёрдамчиларини ҳам жалб этиш муҳимлиги айтилди.

Аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган таълим, тиббиёт, сув таъминоти, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси, Оролбўйи минтақаси учун траст фонди каби ижтимоий муҳим йўналишларга хорижий грантлар жалб қилиш кераклиги айтилди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев президент сайлови олдидан халқ билан учрашувларда ҳар бир туманда лойиҳа гуруҳлари ва холдинг компаниялари ташкил этилишини айтган эди. Йиғилишда ушбу тизимни жорий этиш борасида қилинаётган ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлат раҳбари лойиҳа гуруҳлари мутахассисларини бир тизим ва методология асосида ишлашга ўқитиш кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда экспорт масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Бу борадаги прогнозларни бажариш учун саноатга алоҳида аҳамият қаратиш, қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.