Мудофаани бошқариш миллий маркази очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Мудофаани бошқариш миллий маркази очилишида иштирок этди. Мазкур марказ мамлакатдаги барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга ихтисослашган.

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенконинг сўзларига муносабат билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалар ортидан Ўзбекистон сабоқ олиши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. У мазкур баёнотни «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон кўзи ожизлар тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилди

Ўзбекистон кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилди. Ҳозирда мамлакатда 72 мингдан ортиқ кўзи ожиз инсонлар истиқомат қилади.

Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг жорий қилинади

1 февралдан бошлаб 26 та давлат ташкилот ва органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг жорий қилинади. Рўйхатдан 11 та вазирлик, 4 та давлат қўмитаси, 7 та агентлик ва 4 та ҳокимият ўрин олган ва уларнинг фаолияти 5 та индикатор асосида баҳоланади. 1 июлдан эса рейтинг барча давлат ташкилотларида жорий қилинади.

«Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги вазиятга тўхталиб ўтди. «Биз учун яқин қўшни ва қардош Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди», — деди у. Президент қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бораётгани ҳамда одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини таъкидлади.

АҚШга учмоқчи бўлганлар 15 кун олдин тўлиқ эмланганлик гувоҳномасига эга бўлишлари керак

АҚШга кириш учун янги қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, йўловчилар парвоздан камида 24 соат олдин ПЗР-тест ҳамда камида 15 кун олдин COVID-19га қарши тўлиқ эмланганликларини тасдиқлайдиган гувоҳномага эга бўлишлари керак. Бошқа талаблар ҳам бор.

Кунлик коронавирус ҳолатлари сони 700 тадан ошди

12 январь куни Ўзбекистонда яна 714 киши коронавирусга чалинди. Бу олдинги кундан 110 нафарга кўп. Касалланиш кетма-кет 5-кун яна ортмоқда. Шунингдек, 3 киши вирусдан вафот этди.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 6,2 фоизга ўсди — Жаҳон банки

Жаҳон банки 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсишини 6,2 фоизга баҳолади. 2022 ва 2023 йилларда иқтисодий ўсиш мос равишда 5,6 фоиз ва 5,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия президентлари Марказий Осиёдаги вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот давомида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларидан ташқари, Қозоғистонда рўй берган воқеалар нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишга чекловлар жорий этади

Ўзбекистон «омикрон» тарқалаётгани муносабати билан 15 январдан Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишга вақтинчалик чеклов жорий этмоқда. Чекловлар авиалоқаларга ҳамда ватанга қайтаётган фуқароларга тааллуқли эмас.

Назарбекдаги ноқонуний қурилиш сенаторлар аралашувидан сўнг тўхтатилди

Назарбекда мактаб ва болалар боғчасини қуришга мўлжалланган ер участкаси ноқонуний равишда тадбиркорга бериб юборилган. Сенаторлар аралашувидан сўнг у бошлаган қурилиш ишлари тўхтатилди.

Ҳудудларни стратегик ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш керак — президент

Шавкат Мирзиёев ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун эса хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиниши таъкидланди.

Афғонистонга электр етказиб бериш ИЭСдаги муаммолар туфайли вақтинча қисқарди

Таллимаржон ИЭСдаги носозликлар туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. 13 январь куни эрталабга келиб электр таъминоти тикланди, дея хабар қилди Афғонистон энергетика компанияси.

Тошкент вилоятида фуқарони поезд уриб кетди

Ўртачирчиқ туманида «Тўйтепа-Озодлик» йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди уриб кетиши оқибатида 26 ёшли фуқаро вафот этди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у қулоқчин тақиб, мол боқаётган бўлган.

Чимён ҳудудида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди

13−14 январь кунлари Чимён ҳудудида қор кўчиши хавфи эълон қилинди. ФВВ шу кунларда фуқаролардан «Қор кўчиши хавфи мавжуд» белгиси бўлган жойларга кирмасликни сўради.

Сенат ҳокимларнинг кенгаш раиси мақоми нима сабабдан бекор қилинмаганига изоҳ берди

Сенат «Газета.uz» нинг ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, «қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаган». «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — дейилади баёнотда.

«Ароқ ичибман, кейин „ўчиб“ қолибман». Юнусободда қурол ёрдамида тўхтатилган Malibu ҳайдовчиси

Юнусободда ЙПХ инспектори талабини бажармагач, ўқотар қурол билан тўхтатилган Malibu ҳайдовчиси ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилганини айтди. «Айб менда, бўйнимга оламан. Ароқ, пиво ичибман, кейин „ўчиб“ қолибман», — деди у. Қолаверса, бу унинг транспортдан фойдаланиш қоидасини биринчи марта бузиши эмаслиги маълум қилинди.

2022 йилда экспорт ҳажмини 14 млрд долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган

2021 йилда Ўзбекистонда 10 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 12 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. 2022 йилда экспорт ҳажмини 14 млрд долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.

«Самарқанд дарвоза»да портлатилган «ўт ўчиргич» бўйича 13 кишига айблов қўйилди

«Самарқанд дарвоза»да «ўт ўчиргич» портлатилиши бўйича тергов доирасида 13 кишига айблов эълон қилинди. 5 нафари 3−5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, терговда мазкур воситани ясашни ёшларга янгийўллик тракторчи ўргатгани аниқланган.

«Газета.uz»да эълон қилинган фоторепортажлар:

Фото: Тошкентда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган парад ўтказилди

Тошкентда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали ҳарбий юриш бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилардан иборат бўлинмалар «Туркистон» санъат саройидан — ҳарбий техникалар кўргазмаси бўлиб ўтаётган Халқлар дўстлиги майдонига қадар ҳаракатланди.