Шу йилнинг 13 январь соат 08:00 дан 14 январь соат 08:00 гача Чимён ҳудида қор кўчиш хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

«Ҳурматли фуқаролар! Эҳтиёткорлик чораларини кўришингизни ва „ДИҚҚАТ! ҚОР КЎЧИШИ ХАВФИ МАВЖУД“ белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўраймиз», — дейилган хабарда.

«Ўзгидромет»нинг «Газета.uz»га маълум қилишича эртага кундузги вақтларда ҳаво ҳарорати 14−17 даражагача, жанубда эса 19 даражагача кўтарилади. Тоғли ҳудудларда ҳам ҳарорат 5−10 даражагача кўтарилади.

Қайд этилишича, ҳозирда кузатилаётган илиқ об-ҳаво қиш қийматлари учун ўртача 4−6 даража юқори ҳисобланади.

15−18 январь кунлари Ўзбекистон бўйича ўзгарувчан об-ҳаво бўлиши кутилмоқда — республика ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 16−17 январь кунлари баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. 15−18 январь кунлари тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши (айрим жойларда кучли бўлиши) кутилмоқда. 15−16 январь кунлари эса республика бўйича жойларда шамол тезлиги кучайиши кузатилиши мумкин.