Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Бу президентнинг 12 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-81-сон] қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, рейтинг баҳолаш 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:

  • давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;
  • коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
  • давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
  • ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Рейтинг баҳолаш тизими эксперимент тариқасида 2022 йил 1 февралдан бошлаб, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

Фото: Ҳуқуқий ахборот канали/

Рейтинг баҳолаш «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилади.

Бунда:

  • «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш тажрибаси оммалаштирилади;
  • «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
  • «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.

«Қониқарсиз» баҳоланган ташкилотлар мазкур чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида тегишли раҳбарлар ҳисобот беради.