Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 10 январдаги қарори билан (ВМҚ-14) Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМҚ-911) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, низомнинг 33-бандига қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилди:

«Баённомада инвестиция лойиҳалари ушбу ҳудудда амалга оширилишига розилик берган ёки қарши бўлган мулкдорлар кўрсатилиши шарт».

«Очиқ муҳокама давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишига битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам мазкур ҳудудда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмайди».

Бундан ташқари, ҳукумат низомнинг 47-бандига инвесторни кўчмас мулк объектларини мажбурий сотиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишни кўзда тутган ўзгартишларни киритди. Эндиликда мазкур банд қуйидагича:

«Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг 75 фоизидан ёзма розилик олинганда (Келишув тузилганда), бироқ қолган мулкдорларнинг розилигини олиш имкони бўлмаганда (Келишувга эришилмаганда) ташаббускор уларнинг кўчмас мулк объектлари бўйича бериладиган компенсация миқдори, турлари ва муддатини белгилаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли».

Аввалроқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги тартибга солиш, жумладан, инвесторларнинг кўчмас мулк эгаларининг камида 75 фоизи розилиги билан мажбурий қайтариб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига оид саволларга батафсил жавоб берган эди.

Ҳозирги вақтда инвестор ва мулкдорлар ўртасида шартнома тузиш босқичидан олдин лойиҳани барча мулкдорлар билан аввалдан муҳокама қилиш босқичи ўтказилади. Кенгаш барча мулкдорларнинг дастлабки розилигини олгандан кейингина ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилади, шундан сўнг компенсация тўлаш масаласини келишиш ва шартнома тузиш жараёни бошланади.

Инвестор товон тўлаш масаласини мутлақ барча мулкдорлар билан муҳокама қилиши керак, яъни низолар келиб чиқмаслиги керак. Агар инвестор камида 75% мулкдорларнинг розилигини олган бўлса, лекин уларнинг 25 ёки ундан камроқ фоизи билан келиша олмаса, у судга мурожаат қилиши мумкин.

Адлия вазирлиги мазкур норманинг киритилишини мулкдорларнинг ушбу қисми дастлаб бозор қийматида компенсация бериш шарти билан ер участкасини олиб қўйишга олдиндан розилик бергани ва шу асосда кенгаш томонидан ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилингани билан изоҳлади.