III чоракдан спорт зали бўлмаган умумтаълим мактабларида ҳам жисмоний тарбия фани ҳафтасига 2 соатдан ўқитилади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати. Халқ таълими вазири 11 январь куни бу ҳақдаги буйруқни имзолади.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистондаги 2245 та мактабда спорт зали йўқлиги ҳақида ёзган эди. 2020−2021 ўқув йилидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган мактабларда қишки давр (декабрь, январь, февраль ойлари)да ўтиладиган «Жисмоний тарбия» фани дарслари ўқув соатларини 10 ҳафта давомида 5−10-синфларда ҳафтасига 2 соатдан 1 соатгача камайтирилган эди. ХТВ раҳбарининг янги буйруғи билан бу тартиб бекор қилинди.

Маълум қилинишича, эндиликда 2021−2022 ўқув йилининг 3-чорагидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган умумтаълим муассасаларида ҳам «Жисмоний тарбия» фани барча синфларда ҳафтада 2 (икки) соатдан ўқитилади. Ўз-ўзидан бу даврда мазкур мактабларда жисмоний тарбия ўқитувчиларининг ойлик маошлари ҳам қисқартирилди.

11 январь куни ХТВнинг ўқувчиларда спорт одатлари ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида мактабларда жисмоний тарбия фанини ўқитишнинг амалдаги тартибини бекор қилиш ва такомиллаштириш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинди.