Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистоннинг янги тайинланган бош вазири Алихан Смаилов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати.

Абдулла Арипов Алихан Смаиловни Қозоғистон бош вазири этиб тайинлангани билан самимий табриклади.

Суҳбат давомида олий ва юқори даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни биргаликда изчил амалга ошириш, очиқлик, анъанавий дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган кўп қиррали стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришни давом эттириш таъкидланди, дейилади хабарда.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабарида Қозоғистон аввал эришилган келишувларни амалга оширишга эътибор қаратаётгани қайд этилган.

«Қозоғистон ҳукумати қардош Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга қатъий содиқ қолади. Илгари эришилган келишувларни амалга ошириш аҳдимиз қатъий. Ишончим комилки, икки томонлама ҳамкорлик кун тартиби доирасида белгиланган режалар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида амалга оширилади», — дея таъкидланади Алихан Смаилов баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Асқар Мамин истеъфога чиққанидан кейин ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи Алихон Смаиловни мамлакат бош вазири этиб тайинлаганди. Қозоғистонда 2 январь куни бошланган тартибсизликлар ортидан 5 январь куни мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳукумат истеъфосини қабул қилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири бўлиб, Марказий Осиёдаги барча минтақавий савдонинг қарийб 70% Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилнинг 10 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,26 млрд долларни ташкил этган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўп.