2022 йилда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланади, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистон Республикасида эса умумий қуввати 1700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилган.

2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1097 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро (Ғиждувон ва Пешку) ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1600 МВт бўлган 4 та шамол электр станциялари энергия ишлаб чиқаришни бошлаши маълум қилинди.

Қайд этилишича, ўтган 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланди. 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Шу билан бирга, 2022 йил I чорагида Самарқанд вилояти Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Бухоро вилоятида янги 270 МВт қувватга эга газ поршенли ИЭСнинг биринчи энергия блоки ишга туширилган эди.