ИИВ Тергов департаментининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Маъмуржон Раҳматуллаев ОАКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Golden Cash Store молиявий пирамидаси билан боғлиқ жиноят иши тафсилотларини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йил 15 январида икки нафар Украина ва уч нафар Тожикистон фуқароси Тошкентда корхона ташкил этади.

Golden Cash Store компанияси ҳужжатларда улгуржи савдо билан шуғулланиши кўрсатилган бўлишига қарамасдан, амалда Ўзбекистон фуқароларига олтин ва кумуш буюмларини сотиб, уларнинг пулларини корхонага ишлаб чиқариш учун сармоя киритиш таклиф қилинган. Таъсисчилар ижтимоий тармоқлар ва ОАВда ўз фаолиятларини жадал тарзда реклама қилишган.

«Ушбу компания фаолияти нима учун бизда қизиқиш туғдирди? Ушбу жамият фаолиятида ҳеч қандай ташқаридан келадиган даромади ёки ташқи инвесторлари мавжуд эмас. Булар фаолияти ташкил қилинган пайтидан бошлаб гўёки фуқаролардан олинган ҳар битта тилла тақинчоқ ва пул маблағларини Тожикистон Республикасидаги мавжуд тилла конларига инвестиция сифатида киритиб, уларни кўпайтириш билан қизиқтириб келган. Ва бу ҳолатлар фақатгина оғзаки равишда бўлган», — деди терговчи.

Компания ҳисса қўшишнинг бир нечта: ҳафталик — 2−3 фоиз, ойлик — 40 фоиз ва йиллик — 262 фоизлик даромад келтирадиган вариантларни таклиф қилишган. Пуллар очилган пластик карталарга ўтказилиши керак бўлган.

«Улар биринчи келган мижозлардан қабул қилган пул маблағларининг асосий қисмини ўзларида олиб қолиб, кейинги мижозлар тиккан пулларни олдингиларга тўлаб беришган», — деди Маъмуржон Раҳматуллаев.

Унинг сўзларига кўра, келишувда форс-мажор ҳолатлари ёки шартларнинг бузилиши натижасида етказилган зарарни ким ва қандай маблағлар ҳисобидан қоплаши кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, мижозлар Gold, Platinum тоифаларига ажратилиб, уларга қимматбаҳо совғалар, iPhone ва автомобиль ваъда қилинган, бироқ якунда фуқаролар ҳеч нарса олишмаган.

Натижада бир неча минг фуқаро ташкилотчиларнинг таклифларини қабул қилиб, уларга қиймати 100 мингдан 10 минггача бўлган олтин ва кумуш буюмлар, шунингдек, бошқа мол-мулкни топширган, деб ёзади Spot.

Жабрланганларнинг аксарияти Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон аҳолисидир. Бундан ташқари, фирибгарлар қўшни МДҲ давлатларида ҳам фаолият юритишган. Молиявий пирамидадан азият чеккан андижонлик фуқаро уйини сотиб 10 минг 700 доллар сармоя киритганини айтди.

Мазкур ҳолатлар асосида Golden Cash Store таъсисчиларига нисбатан 2021 йил 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Жиноят кодексининг 188−1-моддаси 2-қисми «б,в,д» бандлари (Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ОАВдан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб) жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчилар ҳозир ҳибсда.

Golden Cash Store ҳудудий филиалларида ўтказилган текширувлар давомида 830 та компанияга тегишли шартнома ва ҳужжатлар, 54 та компания ҳужжатлари, 4699 та Golden Cash Store пластик карточкалари, 2439 та реклама буклетлари, 443 та эркаклар ва аёллар учун кумуш буюмлар, 22 та банк картаси ва бошқалар аниқланган.

Шунингдек, компания таъсисчиларининг 1 млрд 128 млн сўм пул маблағлари ҳамда ҳисобварақлардаги 63,2 млн сўм музлатиб қўйилди. Жамият раҳбари ўз картасига ҳам 2,4 млрд сўм ўтказган.