«Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳи тарафдори хорижда ушланди, дея хабар қилинди Давлат хавфсизлик хизматининг Xavfsizlik Telegram-каналида.

1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж. Х. 2016−2021 йилларда меҳнат мигранти сифатида Россиянинг Краснодар ўлкасида ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали Сурия давлати ҳудудидаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирига тушиб қолади, дейилади хабарда.

Натижада Ж.Х. экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг «жиҳод»га чорловчи материалларини ўзининг яқин танишлари орасида тарғиб қила бошлайди.

Шунингдек, у жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.