Бир ҳафта ичида дунёда рекорд даражадаги COVID-19'га чалиниш ҳолатлари аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 3 январдан 9 январгача бўлган муддат давомида дунёда 15,154 млндан ортиқ янги коронавирус инфекцияси ҳолати қайд этилган. Бу бутун пандемия давридаги рекорд ҳисобланади. Европадаги энг юқори ўсиш — 7,1 млн кишида аниқланган. 43 461 киши эса вафот этган — РИА Новости.

АҚШнинг Johns Hopkins университети маълумотларига кўра, 12 январь куни дунёда COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони қарийб 313,5 млн нафарга етди. Дунёда COVID-19 инфекциясидан кейин вирус тарқалиши бошланганидан бери 5 504 291 киши вафот этди. АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда COVID-19 инфекцияси билан касалланган сони 20 миллиондан ошган — Интерфакс.


Германия ИИВ раҳбари Telegram блокланиши мумкинлигини айтди

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ўз платформасида ўта ўнглар ва коронавирус чекловлари мухолифлари Германия қонунларини бузишда давом этса, мамлакат Telegram мессенжерини блоклашга мажбур бўлишини истисно этмади. Бу ҳақда Интерфакс маълум қилди.

«Блокировка қилиш жиддий қарор ва, шубҳасиз, охирги чора бўлади. Ундан олдин биз бошқа барча имкониятларни синаб кўрамиз», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Германия раҳбарияти Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари расмийлари билан Telegram’га регламент жорий этиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

2021 йилнинг ёзида Германия Адлия вазирлиги сервис эгаларига, хусусан, мессенжер платформасида шубҳали контент юзасидан шикоят беришнинг аниқ тартиби ва уни аниқлашнинг имкони йўқлиги сабабли даъволар билан чиқди. Хабар қилинишича, Берлин компаниядан Германия расмийлари билан ҳамкорлик қилишни, ноқонуний контентни олиб ташлашни ва тергов учун зарур маълумотларни махсус хизматларга топширишни бошлашни талаб қилган. Германия компаниянинг Дубайдаги офисидан расмий сўровга жавоб олмаган.


Қозоғистон бизнеси тартибсизликлар туфайли 240 млн доллардан кўпроқ зарар кўрди

Қозоғистондаги тартибсизликлар натижасида бизнесга етказилган зарар миқдори қарийб 103,7 млрд тенгени (жорий курс бўйича 240 млн доллардан ортиқ) ташкил этди, шундан 102 млрд тенге Олмаота ҳисобига тўғри келади, дея хабар берди Интерфакс. Тадбиркорлар миллий палатасининг қайд этишича, Ақтўбе ва Мангистау вилоятлари тадбиркорлари талончилардан кўрган зарарлари ҳақида хабар бера бошлаган.

Таъкидланишича, Қозоғистоннинг 11 вилоятида жабрланган 1,6 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари аниқланган.

«1885 та объектдан 1615 таси жабрланган тадбиркорлик субъектлари аниқланди, шундан Олмаотада — 1771 та объектдан 1506 таси жабрланган», — дея қайд этди палата.

Энг кўп зарар кўрган объектлар тармоқлар бўйича қуйидагича:

  • савдо — 1482 та;
  • умумий овқатланиш — 44 та;
  • молия сектори — 61 та;
  • логистика — 23 та;
  • оммавий ахборот воситалари — 5 та.

«Толибон» Афғонистоннинг келаси уч ой учун 509,4 млн долларлик бюджетини тасдиқлади

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати келгуси уч ой учун, яъни афғон тақвимига кўра янги йил олдидан (21 мартдан — Григорий календари бўйича) қарийб 509,4 млн долларлик давлат бюджетини тасдиқлади. Бу ҳақда 12 январь куни Афғонистон Молия вазирлигига таяниб ТАСС хабар берди.

«Афғонистон Ислом Амирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳижрий 1400 йилнинг сўнгги уч ойи — жеди (Григорий тақвими бўйича 22 декабрдан 20 январгача), далва (21 январь — 19 февраль), хут (20 февралдан 20 мартгача) учун бюджетни тасдиқлади. Умумий бюджет 53,9 млрд афғоний (ҳозирги курс бўйича тахминан — 510 млн доллар), шундан 49,2 млрд афғоний (467 млн доллар) мунтазам бюджет, 4,7 млрд афғоний (44,6 млн доллар) эса ривожланиш бюджети учун», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Толибон» томонидан тузилган муваққат ҳукумат мамлакатда молиявий йилни 21 мартдан бошлашга қарор қилган эди. Айтилишича, ҳозир Афғонистон бюджети хорижий молиявий ёрдам ҳисобга олинмаган ҳолда шакллантирилмоқда.

Шунингдек:

  • «Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар давлатлар буни қилмаса, «уларни бунинг оқибатлари кутмоқда».