ССВ коронавирус билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди

Сешанба куни Ўзбекистонда 604 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган ва 4 киши вафот этган. Бундай кўрсаткич охирги марта сентябрь ойида қайд этилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият хавотирли бўлиб бораётганини маълум қилди.

Ўзбекистон маҳаллаларида 9 мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари иш бошлади

10 январдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9311 нафар ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлади. Энг кўп ҳоким ёрдамчилари Самарқанд (1120), Фарғона (1055) ва Тошкент вилоятларида (1014) тайинланган. Ҳоким ёрдамчиларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти.

«Янги Ўзбекистон» боғи маъмурияти «Истиқлол» монументидаги гипсларнинг кўчиши бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Истиқлол» монументининг гипс қисмларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалди. Боғ раҳбарияти гипсли парчалар икки ой ичида бронзага алмаштирилишини маълум қилди.

Ер участкаларини олиб қўйиш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Ҳукумат қарори билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам ер участкасида инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, инвесторлар келиша олмаган мулкдорлардан кўчмас мулкни мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Тeхникумларни муваффақиятли тамомлаганлар ОТМларга суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин

2021/2022 ўқув йилидан техникумларни «аъло» ва «яхши» баҳоларга тугатганлар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз ОТМларнинг 2-босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Ушбу тартиб битирувчи техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йилгача амал қилади.

Ангрендаги сойдан музлаб қолган 70 ёшли эркакнинг жасади топилди

Ангрен ИЭСга қарашли дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан дам олиш мақсадида келган 70 ёшли эркакнинг музлаб қолган жасади топилди. Ангрен шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Аэропортларда йўловчиларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тизими жорий этилмоқда

Ўзбекистондаги аэропортларда йўловчилар ва багажни рўйхатга олишнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи бўлиб Наманган аэропорти мазкур тизимни жорий этишни бошлади.

Энди ер майдонини ноқонуний олиб қўйишга оид ишларни Бизнес-омбудсман кўриб чиқади

Ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган 9 турдаги маъмурий иш, шу жумладан ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш эндиликда Бизнес-омбудсман, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади.

Фарғонада 7 киши My Тuron мобил иловасидаги хатоликдан фойдаланиб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштирди

Фарғона вилоятида 7 киши «Туронбанк»нинг My Тuron мобил иловасидаги хатоликдан фойдаланиб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Уларнинг 5 нафари 3,5 йилдан 5,5 йилгача муддатга қамалди.

Эмланмаган ходимлар масофадан ишлайди — Анвар Алимов

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов 15 январдан ташкилотларнинг эмланмаган ишчилари масофавий ишлашга юборилишини маълум қилди. «Кейинги беш кун ичида ишчилари вакцинанинг биринчи дозасини олган муассасалар аввалгидек ишлашда давом этишлари мумкин», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Тошкент кимё-технология институти «супер-контракт»дан воз кечишни режалаштирмоқда

Тошкент кимё-технология институти келгуси ўқув йилидан «супер контракт» дан воз кечишни режалаштирмоқда. Шунингдек, ўқув йили 3 семестрли бўлиши мумкин. Бунда иқтидорли талабалар бакалавр босқичини 4 йилда эмас, 3,5 йилда битириши мумкинлиги айтилмоқда.

Жиҳод ғояларини тарғиб қилганликда гумонланаётган ўзбекистонлик Россияда қўлга олинди

ДХХ ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳида иштирок этиш ва жиҳод ғояларини тарқатишда гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. У Ўзбекистонга экстрадиция қилинган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда.

Абдулла Арипов Қозоғистоннинг янги бош вазирини табриклади

збекистон бош вазири Абдулла Арипов Алихан Смаиловни Қозоғистоннинг янги бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади. Алихан Смаилов эса Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришда содиқ қолишини маълум қилди.

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ва ярим ҳимоячисида коронавирус аниқланди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Словенияда коронавирусга чалинди. Шу сабабли, у Дубайда бўлиб ўтадиган йиғинда қатнаша олмайди, унинг ўрнига ёрдамчи мураббийлар машғулот ўтказади. Қолаверса, жамоа ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркиновда ҳам COVID-19 аниқланиб, карантинга олинган.

НКМКнинг 2021 йилдаги соф фойдаси 11,3 трлн сўмни ташкил қилди

«Навоий кон-металлургия комбинати»нинг 2021 йилдаги соф фойдаси 12,7 фоизга ўсиб, 11,3 трлн сўмни, ишлаб чиқариш ҳажми эса 54,25 трлн сўмни ташкил этди.

2022 йилда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 10 та битим имзоланади — Энергетика вазирлиги

2022 йилда вилоятларда умумий қуввати 1900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистон Республикасида эса 1700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳа битимлари имзоланади. Жорий йилнинг I чорагида Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.

Жиззахда қалбаки диплом савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 400 доллар эвазига қалбаки диплом савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Улар орасида мактаб директорлари ҳам бор.

2021 йилда жами 9,8 трлн сўмга яқин ипотека кредитлари ажратилган

2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,5 мингдан зиёд фуқарога қарийб 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Охирги 5 йилда эса аҳолига жами 35,6 трлн сўм миқдорида шу турдаги кредитлар берилган. Шунингдек, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн сўмга етган.

Тошкентда радар ўрнатиш мумкин бўлган 69 та ҳудуд аукционда 20,99 млрд сўмга сотилди

Тошкентдаги радар ва камералар ўрнатиш мумкин бўлган 69 та объект онлайн аукционда сотилди. Бошланғич баҳоси 306,45 млн сўм бўлган объектларнинг умумий нархи 68,5 баробарга ошиб, 20,99 млрд сўмга етган. Энг қиммат ҳудуд 750,06 млн сўм — бошланғич қийматидан 277,8 баробар қимматга сотилди.

«Толибон» самолётлар қайтарилмаслигининг оқибатларидан огоҳлантирди

«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар давлатлар буни қилмаса, «уларни бунинг оқибатлари кутмоқда».