Uzbekistan Airports компанияси ASTRA DCS йўналишидаги йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказишнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий қилишни бошлади, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Ушбу тизим ёрдамида биринчи бўлиб рўйхатдан ўтган Наманган аэропорти Ural Airlines авиакомпаниясининг Москвага парвоз қиладиган рейсига хизмат кўрсатди. Янги рўйхатга олиш тизими бўйича иккинчи рейс ҳам 12 январь куни Намангандан Екатеринбургга амалга оширилиши маълум қилинган.

«Илгари барча аэропортлар миллий авиакомпаниянинг битта рўйхатдан ўтиш тизимидан фойдаланган. Келажакда аэропортларни ўзининг рўйхатга олиш тизими бўлишига эҳтиёж бор эди», — дея келтирган Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Бунда етказиб берувчи — Россиянинг Sirena Travel компанияси очиқ тендер натижаларига кўра танланган.

«Ўзбекистоннинг 11 та халқаро аэропортида ўз рўйхатга олиш тизимига эга бўлмаган ёки республика аэропортларида уларнинг тизими ўрнатилмаган барча авиакомпаниялари ушбу тизимга босқичма-босқич ўтади», — деди у.

Sirena Travel маълумотларига кўра, ASTRA DCS Россия, Грузия, Қозоғистон, Греция, Миср, Исроил ва Мексика каби давлатлардаги 320 дан ортиқ аэропортларда ишлайди.