«Тошкент-Чиноз» автомобиль йўлини таъмирлаш режалаштирилмоқда. 10 январь куни лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.


Мазкур йўл жуда серқатнов бўлиб, бир кеча-кундузда 60−65 минг автотранспорт ҳаракатланади. «Шу боис унинг 10 км қисмини таъмирлаш, 5 дона ерости ўтиш йўлаги ва қўшимча маҳаллий йўллар қуриш мўлжалланган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, пойтахтдаги Темур Малик кўчасини 6 тасмали этиб кенгайтириш, унинг икки четида кўп қаватли уй ва хизмат кўрсатиш бинолари қуриш режа қилинган.

Бинафша ранг билан биринчи қаватида дўконлар бўлган кўп қаватли уй-жойларни қуриш режалаштирилган майдонни акс эттиради. Фото: «Ўзбекистон 24» лавҳаси.

«Ўзбекистон 24»да эълон қилинган тақдимот лавҳаларига кўра, йўлнинг икки четидаги кўплаб уй-жойларни бузиш ва уларнинг ўрнида 1800 та хонадон учун 50 та уй бунёд этиш кўзда тутилган. Қолаверса, уйларнинг биринчи қаватида 100 та дўкон қуриш ҳам режа қилинган.

Тошкент вилояти МИБ ҳудуди (1,2 гектар), ижтимоий марказ ҳудуди (1,3 гектар) ва захира ҳудудга (0,85 гектар) жами 888 та хонадонли 23 та уй ва 16 та дўкон бунёд этилади. Бундан ташқари, клиника (0,75 гектар), ижтимоий марказ (2,3 гектар) ва боғ (1 гектар) қурилиши мақсад қилинган.

Темур Малик кўчасининг 4 тасмали йўлининг Яндекс.Панорамада кўриниши.

Президентга шунингдек, Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида 210 метрли йўл ўтказгич барпо этиш бўйича лойиҳа тақдим этилди.


«Давлат раҳбари бу лойиҳаларни маъқуллаб, уларнинг ҳужжатларини ишлаб чиқиш, сифатли қилиб қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди», — дейилади хабарда.