Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Асқар Мамин истеъфога чиққанидан кейин ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи Алихон Смаиловни мамлакат бош вазири этиб тайинлади, дея хабар қилди Акорда матбуот хизмати.

Алихон Смаилов (1972 йилда туғилган) 2019 йил февралидан бери бош вазирнинг биринчи ўринбосари — молия вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.

У 1999 йилда Қозоғистон Статистика агентлигига раҳбарлик қилиб, давлат органларининг раҳбарлик лавозимларида ишлай бошлаган. Сўнгра, йиллар давомида у ташқи ишлар вазири ўринбосари, молия вазири ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазирлиги статистика қўмитаси раиси, Қозоғистон президенти ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

2018 йил сентябридан 2019 йил февралигача Молия вазири бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган тартибсизликлар ортидан 5 январь куни мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳукумат истеъфосини қабул қилган эди.