Шимолий Корея Япон денгизи томонга номаълум ракета учирди

Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея томонидан номаълум снаряд учирилгани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди Интерфакс.

КХДР Япон денгизи томон номаълум ракетани учирди, дейилади Жанубий Корея штаб бошлиқлари хабарида. Япония мудофаа вазирлиги КХДР баллистик ракетани синовдан ўтказган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шимолий Кореяда учирилган ракета Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқаридаги денгизга қулаган. Кема ва самолётларга зарар етгани ҳақида хабарлар йўқ.


Германияда 2021 йилда ўлим даражаси бўйича мамлакат рекорди ўрнатилди

Destatis федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, Германияда 2021 йилда 1 016 899 та ўлим қайд этилган. Бу 1 млндан ортиқ ўлим қайд этилган 1946 йилдан бери мамлакатдаги энг юқори ўлим кўрсаткичи ҳисобланади.

1946 йилда ўлимнинг юқори даражаси оғир турмуш даражаси билан боғлиқ бўлса, ҳозирда аҳолининг қариши ва коронавирус пандемиясининг оқибатлари сабаб бўлаётгани айтилди. Хабар қилинишича, пандемия ўлим сонини 3 фоизга оширган. Worldometers ҳисоблагичига кўра, пандемия бошланганидан бери Германияда COVID-19 билан 114 887 ўлим қайд этилган — Интерфакс.


Яқин ҳафталарда европаликларнинг ярмидан кўпи омикрон штамми билан касалланади — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бўйича раҳбари Ханс Клюге брифингда омикрон Ғарбий Европада тез суръатлар билан доминант штаммга айланиб бораётгани ва ҳозирда Болқонга тарқалаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Европа ва Марказий Осиёнинг 53 та давлатидан 50 тасида инфекциянинг ушбу варианти билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

«Соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институти (IHME) башоратига кўра, минтақа аҳолисининг 50% дан кўпроғи кейинги 6−8 ҳафта ичида омикрон билан касалланган бўлади», — дея қўшимча қилди Клюге.

Мутахассис таъкидлаганидек, тўпланган маълумотлар омикроннинг юқори ўтказувчанлигига эга эканлигини тасдиқлайди, чунки мутациялар унинг инсон ҳужайраларига осонроқ бириктирилишига имкон беради ва у ҳатто касал бўлган ёки эмланганларга ҳам юқиши мумкин — РИА Новости.


АҚШ Украинага яна 200 млн доллар ҳарбий ёрдам ажратади

АҚШ президенти Жо Байден декабрь ойида Киевга ҳарбий ёрдамни 200 миллион долларга кенгайтиришни маъқуллади. Шу билан бирга, Конгресс Вакиллар палатаси бошқа нарсалар қаторида Украинага қўшимча ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқади. Бундан ташқари, ҳужжат яна бир бор Россиянинг «Шимолий оқим-2» газ қувурига қарши янги санкциялар масаласини кўтаради. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

«Байден маъмурияти декабрь ойи охирида Украинага қўшимча 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни жимгина тасдиқлади», дейилади хабарда.

АҚШ қонунчилик ташаббуси 2022 молия йилида (1 октябрдан бошланган) Украинага Давлат департаменти орқали ҳарбий ёрдам сифатида 450 млн доллар юборишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, мамлакатга ҳар томонлама дипломатик ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.


Европарламент раҳбари Давид Сассоли вафот этди

Европарламент президенти Давид Сассоли 65 ёшида вафот этди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Роберто Куилло. 26 декабрь куни у иммунитети пасайганлиги сабабли касалхонага ётқизилган.

Давид Сассоли 2019 йилда Европа парламенти спикери лавозимига сайланган. Бунгача у спикер ўринбосари, аввалроқ эса тележурналист сифатида фаолият юритган. У 1956 йил 30 майда Италиянинг Флоренция шаҳрида туғилган — Коммерсантъ.