Нодавлат таълим муассасаларида ҳам қишки таътил 24 январга қадар узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг нодавлат таълим ташкилотлари учун эълон қилган тавсиясида сўз боради.

Нодавлат таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурлари асосида масофавий таълим шаклларини қўллаган ҳолда малака ошириш курсларига жалб этиш мақсадга мувофиқ, дейилади хабарда.

Таътил вақтида ўқувчиларнинг ота-оналаридан шу муддатлар учун тўлов ундирилмаслиги тавсия этилган. Бунда қишки таътил даврида ўқувчиларга озиқ-овқат берилмаслиги ҳамда бошқа сарф-харажатлар қилинмаслиги инобатга олинган.

Шунингдек, таътил даврида ўқувчилар учун уларга ташкил қилинаётган онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловларда фаол иштирокини таъминлаш тавсия қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 24 январгача узайтирилганди.

Аввалига ўқувчилар учун таътил вақти ўзгармаганини айтиб чиққан Халқ таълими вазирлиги 9 январга келиб, мактабларда ҳам қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини эълон қилди.