Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида юзларига ниқоб тақиб олган, қора кийимдаги шахслар резина таёқлар билан балиқчиларни калтаклагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Навоий вилояти ИИБнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат 7 январь куни соат 08:00 ларда вилоятнинг Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият олиб борувчи «Голден лайк фиш» МЧЖда содир бўлган.

Жамиятда ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда, яъни қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар ҳамда Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ овлаш билан шуғулланиб келувчи овчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келган.

Таъкидланишича, «назоратчи инспекторлар овчиларни ичкарига киришлари учун паспорт нусхаси талаб қилганлиги ва қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб борганлиги аниқланган». Балиқчилар эса норозилик билдириб, ушбу ёлланма ишчиларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилгани ва жамоат тартибини бузганлиги айтилмоқда.

«Қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар шартнома асосидаги ёлланма фуқаролар, Ички ишлар ходими эмас. Уларнинг эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олганлиги юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади муносабатда.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ томонидан Жиноят Кодексиниг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ шунингдек, Ўзбекистон МЖтКнинг 209−1-моддасига кўра, Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юрганлик учун қонунда жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтган.