Ўзбекистон президенти Қозоғистонга таъзия билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатдаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда кўрилган катта талофатлар муносабати билан Қозоғистон халқи ва президентига таъзия изҳор этди.

Якшанба куни 389 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда якшанба куни деярли 390 кишида коронавирус аниқланди, 3 нафар коронавирус бемори вафот этди.

Омикрон аниқланган шахс келган самолётда жами 200 киши бўлган

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев илк «омикрон» аниқланган бемор билан бирга самолётда 130 нафар ўзбекистонлик, 70 нафар чет эл фуқароси бўлганини ва уларнинг барчаси карантинга олинганини маълум қилди. У шунингдек, Ўзбекистонда омикрон 7 январь куни аниқланса-да, 8 январь кунги хабарда омикрон аниқланмагани айтилганига изоҳ берди.

Ҳозирча қатъий карантин жорий этиш режалаштирилмаяпти

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш даражаси ошгани туфайли қатъий карантин жорий этиш режалаштирилгани йўқ. Оммавий тадбирлар бекор қилинмаган, аммо эпидемиологик вазиятга қараб чоралар кескинлашиши мумкин, дея таъкидланди пойтахтда ўтган ССВ ва СЭО матбуот анжуманида.

«Жарима тўғрисида гап йўқ». Ҳабибулла Оқилов ниқоб тақмаганлар жаримага тортилиши ҳақида

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов ниқоб тақмаганлар жаримага тортилмаслигини, аксинча огоҳлантирилишини маълум қилди. «Йўлда тўхтатган милиция, Миллий гвардия ходими ўзи ниқобни „илтимос шуни тақиб олинг“ деб беради. Ҳеч қандай жарима тўғрисида гап йўқ», — деди у.

«Ички ишлар ходими эмас». Навоийда қора ниқобдаги шахслар фуқароларни калтаклаган ҳолатга изоҳ берилди

Тўдакўл сув ҳавзасида қора ниқобдаги назоратчи инспекторлар ва балиқчилар ўртасида келишмовчилик юзага келди. Вилоят ИИБ формадаги шахслар «Ички ишлар ходими эмаслиги ва эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олгани» ўрганилаётганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан ЖКнинг безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Таътил вақтида ўқитувчиларнинг маоши сақланиб қолади, ёзги таътил муддати эса қисқармайди

Халқ таълими вазирлиги мактабларда қишки таътил узайтирилган муддатда ўқитувчилар ва ходимларнинг ойлик маоши тўлиқ тўлаб берилишини маълум қилди. Қолаверса, ёзги таътилга чиқиш вақти ўзгармайди, учинчи чорак ўқув кунлари 1−4-синфларда 9 кун, 5−11-синфларда 11 кунга қисқаради, дарслар эса тиғизлаштириб ўтилади. Таътил кунлари ўқувчиларни мактаблардаги тўгаракларга жалб этиш тақиқланади.

Ўзбекистонга гўшт импорти Қозоғистондаги вазият туфайли кечикмоқда

Ўзбекистонга Беларус ва Украинадан импорт қилинадиган гўштни етказиб бериш кечикмоқда. Бу кўплаб юклар учун транзит йўлаги ҳисобланган Қозоғистондаги инқироз билан боғлиқ. «Газета.uz» билан суҳбатда бўлган уч тадбиркор етказиб беришдаги узилишлар нархларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Кредитларга асосланган иқтисодий ўсиш хавфларни келтириб чиқариши мумкин — Fitch

Кредитлаш ҳисобига Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкин, дейилади Fitch Ratings агентлиги ҳисоботида.

Ўзбекистон Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан сабоқ чиқариши керак — Александр Лукашенко

Беларусь президенти Александр Лукашенко КХШТ саммитида сўзлаган нутқида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини, чунки тартибсизликлар ташкилотчилари унга кўз тикиб турганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Қозоғистондаги вазият нафақат ташқи, балки ички омилларга ҳам боғлиқ эканлигини айтди.

Сурхондарёда кучсиз зилзила содир бўлди

Сурхондарёнинг Бойсун туманида кечаси кучсиз зилзила содир бўлди. Бу ва бошқа ҳудудларда ер ости силкинишлари кучи 2 дан 3 баллгачани ташкил этди.