Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини тугаганидан сўнг, 6 январь куни касалланишлар сони кескин ортгани маълум қилинди. 6 январь куни 251 та, 7 январда 214 та ва 8 январь куни 369 та янги коронавирус ҳолатлари қайд этилди. Айни вақтда касаллик ҳолатларининг кескин кўпайиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам кузатилмоқда.

Якшанба куни Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганлиги маълум қилинди.

Пандемия бошланишидан бери вирус билан касалланиш ҳолатларининг ўсиш динамикаси таҳлилларига қаралса ҳамда мамлакатда касалликнинг тез тарқалувчи омикрон штамми қайд этилгани инобатга олинса, Ўзбекистонда янги коронавирус тўлқини бошланаётган бўлиши мумкин.




2020−2021 йилларда Ўзбекистонда коронавируснинг ривожланиши асосан баҳорнинг охирида бошланиб, қишгача давом этди. Охирги бир ой давомида коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг борган сари камайиши кузатилди. 2021 йил декабрь ойида касалланишнинг қишки мавсумдаги энг юқори кўрсаткичи қайд этилган эди (278 нафар 10 декабрда). 2 январь куни эса ушбу кўрсаткич (64 нафар) 2021 йилнинг январидаги кўрсаткич (49 нафар)га яқинлашди. Аммо 2−6 январда янги касалланиш ҳолатлари 64 нафардан 251 нафаргача кўпайди. 8 январь куни эса 369 та коронавирус ҳолатлари аниқланди. Бу пандемия бошлангандан буён қиш мавсумидаги энг юқори кўрсаткич.


Ўзбекистонда коронавируснинг биринчи тўлқини 2020 йил декабрь ойигача давом этган. Бир йил аввал, 2021 йил январь ойида вазият стабил ҳолатда бўлган. Янги касалланиш ҳолатлари бўйича антирекорд 2021 йилнинг 5 август куни қайд этилган (974 нафар бемор). 2021 йилда оммавий вакцинация бошланганига қарамасдан, ўтган йил баҳорида бошланган иккинчи тўлқин давомида 2020 йилга нисбатан кўпроқ коронавирус ҳолатлари аниқланди.


2021 йил 6 январь куни Ўзбекистон шифохоналарида 1058 нафар бемор даволанаётган бўлган (хозир 1419) ва бу кўрсаткич шу йилнинг 14 март кунигача (орада бироз кўтарилиб) камайиб борган. 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб эса эпидемиянинг иккинчи тўлқинига сабабчи бўлган ўсиш кузатилган.

Ушбу икки тўлқинни бир кунда бошланганидан ташқари (биринчи тўлқин 2020 йил 15 март, иккинчи тўлқин 2021 йил 15 март), яна бир нарса боғлаб туради: 2020 йилда ҳам, 2021 йилда ҳам коронавирус билан касалланиш чўққиси август ойига тўғри келган.

2020 йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон шифохоналарида даволанаётган коронавирусга чалинганлар сони 9517 нафарга етган. Коронавирус 2021 йилда аввалги йилга нисбатан кенгроқ тарқаганига қарамасдан, бу антирекорд бошқа такрорлангани йўқ. Бунга 2021 йилга келиб коронавирусни даволаш кўрсаткичи ҳам ўсгани сабаб бўлди. Яъни 2020 йил июль ойида 8782 нафар бемор тузалган бўлса, 2021 йилнинг шу ойида ушбу кўрсаткич деярли икки баравар — 16299 нафарга ошган.

Ўлим ҳолатлари




2020 йилнинг июнида коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирус 30 даража иссиқ ва ундан юқори ҳароратда юқиш фаоллигини тўлиқ йўқотиши, ҳаво намлигининг пасайиши ва тўғридан-тўғри тушувчи қуёш нурлари вирусни нобуд қилишини таъкидлаган эди.

Аммо расмий статистикага кўра, ёзда нафақат касалланиш, балки ўлим ҳолатлари ҳам кескин ошди. Ўзбекистонда 2020 йилда 614 та, 2021 йилда 871 та коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганлар қайд этилди. 2020 йилда коронавирусдан ўлим ҳолатлари ёз ўрталарида кўпайишни бошлаб, қишгача юқорилигича сақланиб қолганди, кейинчалик бутун қиш давомида жуда кам сонли ўлим ҳолатлари аниқланди. 2021 йилда эса яна ёзда кўпайишни бошлаган ўлим ҳолатлари бўйича бу сафар қишда ҳам кескинлик сақланиб турди.

Эпидемиянинг 2021 йил ёзида ўз чўққисига чиққан иккинчи тўлқин 2020 йилги биринчи тўлқинга нисбатан беморлар ва ўлимлар сони бўйича анча оғирроқ кечди.

«Омикрон» дунёда янги коронавирус тўлқинини бошлаб юборди

2022 йилда бутун дунёда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик рекорд яна янгиланди. 7 январь куни ер юзида 2 миллион 700 мингдан зиёд кишида «СOVID-19» аниқланди. Бу — 6 январь ҳолатига нисбатан қарийб 200 мингтага кўп кўрсаткич. Янги ҳолатларнинг аксариятини «омикрон» штамми ташкил этмоқда.

Олимлар ҳозирда бутун дунёда шиддат билан тарқалаётган омикрон штаммини аввалги шатммларга нисбатан анча енгил деб аташмоқда.

Жанубий Африкалик олимлар омикрон штаммининг пайдо бўлиши пандемиянинг энг ўткир даври ўз поёнига етаётганини билдиришини қайд этишди. Бир гуруҳ шифокорлар омикрон биринчи бор қайд этилган касалхонада ўрганиш ўтказган: улар коронавирус билан ҳозирги тўлқинда касалланган 466 нафар ва аввалроқ касаллик аниқланган 3976 нафар беморларнинг маълумотларини таҳлил қилдилар.

«Инфекция тўлқини мисли кўрилмаган тезлик билан ҳаракатланди ва олдинги штаммларга қараганда анча енгилроқ касалликларга сабаб бўлди. Агар бу модель сақланиб қолса ва бутун дунёда такрорланса, эҳтимол биз касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг тўлиқ ажралишини кўрамиз», — дея қайд этди таҳлил муаллифлари.