2022 йил 8 январь ҳолатига Ўзбекистон бўйлаб 10 мингдан ортиқ истеъмолчи томонидан 100 мингга яқин харид чеклари кэшбек учун «Soliq» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Фуқароларда йиғилган кэшбек суммаси эса 941 млн сўмни ташкил этмоқда — ҳар бир истеъмолчига ўртача 94 минг сўмдан тўғри келади.

«Буни интизомли солиқ тўловчилар сафи кенгайиб бораётгани ҳамда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш устидан жамоатчилик назорати кучайгани билан изоҳлаш мумкин», — дейилади хабарда.

Аммо, харид чекида МХИКлар нотўғри ёки умуман акс эттирилмаганлиги сабабли уларни рўйхатдан ўтказишда муаммога дуч келган фуқароларнинг мурожаатлари сони ортган.

Қайд этилишича, 1 январдан МХИК акс эттирилмайдиган чекларни тақдим этиш тақиқланган, аммо айрим тадбиркорлик субектлари томонидан назорат-касса техникаларини янги талабларга мослаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

Бунинг натижасида 3 млрд 429,2 млн сўмлик (шундан 34,2 млн сўм кэшбек) чекларга (жами рўйхатдан ўтказилган чекларнинг 12,6 фоизи) кэшбек суммасини ҳисобга олиш рад этилган.

ДСҚ маълумотига кўра, эндиликда чекда МХИК коди тўғри кўрсатилган барча товарлар (хизматлар) учун кэшбек тақдим этилади. Рад этиш тўлиқ харид суммасига (бутун чек учун) эмас, балки фақат маълумотлар базасида мавжуд бўлмаган МХИК коди кўрсатилган маҳсулот (товар ва хизмат)ларга нисбатан қўлланилади.

Маълумот ўрнида, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан 20 фоиз миқдорида мукофот тўланади. Мукофот фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилади.

Аввалроқ, «Газета.uz» эълон қилган харид чекини рўйхатдан ўтказиш ва кешбэк олиш бўйича қўлланма эълон қилган эди. Унда шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида «Soliq» мобил иловаси орқали қандай хабар бериш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини «Soliq» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади.