Қишки таътил узайтирилиши сабаб ОТМларда ўқув муддати ўзгармайди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов талабалар учун қишки таътил 24 январгача узайтирилгани ортидан ОТМларда ўқув ҳафталари чўзилмаслигини маълум қилди. Янги кредит-модул тизими туфайли талабалар иккинчи семестрда 15 ҳафта ўқийди, илгари 19−20 ҳафтани ташкил қилган.

Юнусободда Malibu ҳайдовчисини тўхтатишда ўқотар қуролдан фойдаланилди

Давлат рақамисиз бўлган Malibu ҳайдовчиси президент ташрифи чоғида ўрнатилган чекловларга бўйсунмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари машинага қарата бир неча маротаба ўқ узишди. Ҳайдовчи қўлга олинган. У маст ҳолатда бўлгани айтилмоқда.

Деновдаги портлашда 226 та кўчмас мулкка 22,6 млрд сўмлик зарар етган — ФВВ

ФВВ Деновдаги савдо мажмуасида юз берган портлаш оқибатида жами 226 та кўчмас мулкка 22,6 млрд сўмлик зарар етганини маълум қилди. Талофат кўрган биноларнинг 25 таси яроқсиз деб топилган, шундан 13 та хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, уйлари таъмирлаб берилмоқда.

Биржада АИ-80 бензини нархи 6,3 фоизга арзонлашди

Шанба куни эрталабки биржа сессияси якунларига мувофиқ, АИ-80 маркали бензиннинг нархи 6,3 фоизга пасайиб, бир тонна учун — 7,47 млн сўмни ташкил қилди.

Деновдаги портлаш юзасидан Ҳукумат комиссияси хулосаси эълон қилинди

Ҳукумат комиссияси хулосасига кўра, Денов шаҳридаги «савдо мажмуасидаги чақнашда портловчи моддалар қўлланилмаган». Мажмуа остидан ўтган, бироқ, фойдаланишда бўлмаган қувурнинг 6 та жойидан сизиб чиққан газ бино ичида тўпланган ва портлаш юзага келган. Воқеадан бир кун олдин шаҳар газ таъминоти бўлими ушбу узилмай қолган газ қувури линиясини тармоққа улагани айтилмоқда.

Ўзбекистонда «омикрон» аниқланмади — Нурмат Отабеков

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланмаган. «Бироқ, ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди… Янги штаммнинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас», — деди у.

Навоийда «Туризм кўчаси» бунёд этилади

Навоий шаҳрида сайёҳлар учун қиймати 13,7 млрд сўмлик «Туризм кўчаси» қурилиши бошланди. Лойиҳага кўра, ҳудудга янги гранит тошлари ётқизилади, пиёда ва велосипед йўлаклари, сельфи ҳудудлар, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун овқатланиш жойлари бунёд этилади.

Учта хусусий бандлик агентлиги лицензияси вақтинча тўхтатилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги БҲМнинг 8500 баравари миқдоридаги — 2,3 млрд сўм захира маблағларини тўлдирмаганлиги сабабли учта хусусий бандлик агентлиги лицензиясини вақтинча тўхтатди.

8 кунда харид чеклари учун йиғилган кэшбек қарийб 950 млн сўмни ташкил этди

Ўзбекистонда январь ойи бошидан бери 10 мингдан ортиқ истеъмолчи 100 мингга яқин харид чекини кэшбек учун рўйхатдан ўтказди. Фуқароларда йиғилган кешбэк суммаси эса 941 млн сўмни ташкил қилмоқда.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Қозоғистондаги вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Қозоғистон — Ўзбекистоннинг учинчи рақамли йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Қўшни мамлакатдан катта ҳажмда нефть маҳсулотлари, дон, чўян, пўлат ва бошқа товарлар импорт қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон учун Қозоғистон автомобиль, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар экспорти учун муҳим бозор ҳисобланади. «Газета.uz» икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар қандай тузилганини ўрганиб чиқди.