ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил даври 24 январга қадар узайтирилгач, темир йўл кассаларида навбатлар ҳосил бўлаётгани ҳамда тартибсизликлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва уларнинг яқинларига ўз чипталарини алмаштириш муддати узайтирилгани юзасидан мурожаат йўллади.

Унда айтилишича, 50 фоиз чегирма берилиши муддати ҳамда 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди.

«Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор. Барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темирйўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек? «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳам ўз муносабатида республикадаги барча темир йўл кассалари кечаю кундуз ишлаши ва чипталар ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз алмаштирилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, «харид қилинган барча чипталар алмаштирилиб, ҳеч ким жойсиз қолмайди, чунки барча поездларда чипталарни қайта расмийлаштириш учун керакли миқдордаги ўриндиқлар мавжуд».

Бундан ташқари, зарурат чора сифатида қўшимча поездлар йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил даври 24 январга қадар узайтирилди. Шу билан бир қаторда талаба-ўқувчиларга темирйўл чипталари тариф қисмидан бериладиган 50 фоиз чегирма муддати ҳам 24 январига қадар узайтирилди.