Реабилитация қилинмай қолиб кетган 120 нафар қатағон қурбонлари жами 6 та жиноят иши бўйича оқланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

6 январь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 120 нафар шахс оқланди.

Хусусан, Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиш қарорига кўра, Мирза Ибрагимов Мир Ахур ва бошқалар (жами 43 киши) ЎзССР ЖКнинг 61-моддаси (хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда урушни эълон қилиш ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этиш, 67-моддаси (аксилинқилобий ташкилотларга аъзолик қилиш) ва 69-модда (инқилобий ҳаракат ва пролетарят синфига қарши фаол ҳаракат ёки курашиш) яъни фуқаролар уруши вақтида аксилинқилобий хукумат тузишда айбли деб топилиб, сургун жазосига ҳукм қилиниб, уларга тегишли мол-мулклар мусодара этилган.

Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили ҳузуридаги Учлик йиғинининг 1930 йил 24 январдаги қарорига кура, Аппах Ходжа Асқар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши) ЎзССР ЖКнинг 78-моддаси (бандитизм) совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жазо-отишга ҳукм қилиниб, отилган ва мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.


Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 24 мартдаги баёнига кўра, Абдурахимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши) ЎзССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жазо — отишга ҳукм қилиниб, отилган ва мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.

БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январдаги баёнига кўра, Мансурбеков Мухаммад Содиқ ва бошқалар (жами 5 киши) Ўз ССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилиб, Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.

БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 19 мартдаги баёнига кўра, Сафаров Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши) ЎзССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.

Россия Федератив Совет Социалистик Республикаси Олий Инқилобий трибунали Туркистон Совет Республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг 1921 йил 23 декабрдаги ҳукмига кўра, Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқалар (5 киши) ЎзССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилганлар.