Қозоғистондаги тартибсизликлар натижасида мамлакатдаги бизнесга ҳозиргача етказилган зарар 91 млн долларга (40 млрд тенге) баҳоланди. Бу ҳақда мамлакатнинг «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси хабар берди.

Шундан 39,5 млрд тенге (89,8 млн доллар) Олмаотадаги объектлар ҳисобига тўғри келади.

Зарарнинг асосий қисми савдо, умумий овқатланиш, транспорт, хизмат кўрсатиш ва молия секторидаги тадбиркорлик субъектларига (хусусан, банкоматларга) етказилган.

«Асосан бинолар фасади ва кириш жойларига зарар етказилган, шунингдек қимматбаҳо техникалар, жиҳозлар, интерьер буюмлари, товар захираларини ўғирлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар рўй берган», — дейилади хабарда.

Республика бўйича 43 та объектда жойлашган 300га яқин зарар кўрган субъектлар аниқланди (улардан 12 таси савдо-кўнгилочар марказлар ва савдо уйлари). «Қорамсақ» қурол-яроғ ассоциасияси маълумотига кўра, Олмаотада олтида қурол дўкони тунаб кетилган. Улар «Корган-центр», «Арма-56», «Анна-16», «Анна», «Оружейник» ва «Pro-Hunt».

Ташкилотнинг таъкидлашича, ҳозирда объектларга киришнинг қийинлиги сабабли аксарият ижарачилар кўрган зарар миқдорини аниқлаш қийин.

Қозоғистонда беш кундан буён норозиликлар давом этмоқда. Суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши оқибатида юзага келган намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Натижада Қозоғистон ҳукумати барча худудларида фавқулотда ҳолат жорий этди, президент Қасим-Жомарт Тоқаев сўрови билан КХШТ қўшинлари мамлакатга киритилди.