Тошкентнинг Олмазор туманида автобус пиёдани (видео) уриб кетди, деб хабар берди «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.

Воқеа 6 январь куни соат 19:50 ларда Жомий қурилиш бозори яқинида содир бўлган. 43-сонли йўналишдаги автобус ҳайдовчиси Уста Ширин кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган вақтида бозор олдидаги светофорда тўхташ учун автобусни секинлаштирган. Бу вақтда йўл қатнов қисмининг биринчи бўлагида ҳаракатланаётган пиёда мувозанатини йўқотиб, тўсатдан автобус томонга йиқилган.

«8-Автобус саройи» тасарруфидаги автобус ҳайдовчиси О.Б пиёдани уриб кетган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада пиёда воқеа жойида вафот этган. Дастлабки хулосага кўра пиёда маст ҳолатда бўлган.

Ҳозирда мазкур ЙТҲ бўйича Тошкент ИИББ томонидан дастлабки тергов ишлари кетмоқда. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан хизмат суриштируви ўтказилиши маълум қилинган.

Аввалроқ, Тошкентда маст ҳолдаги Matiz ҳайдовчиси авария содир этгани оқибатида 7 киши, жумладан 3 бола, шунингдек, бир яшар чақалоқ жароҳатланганди.

Бухорода эса Миллий гвардия ходими машина уриб кетиши оқибатида вафот этганди.