6 январга ўтар кечаси биткоин нархи 43 000 доллардан тушиб кетди. Бу ҳақда CoinMarketCap маълумотларига таяниб Spot хабар берди.

Тошкент вақти билан соат 16:26 битта токен нархи 42 886 долларга тенг эди. Бир сутка олдин биткоин нархи 46 460 доллар даражасида эди, яъни қулаш 7% атрофида бўлган.

Тошкент вақти билан соат 3:30 да эса биткоин нархи 42 800 долларгача тушиб, дунёнинг биринчи криптовалютаси жами капитализацияси 817 млрд долларгача қисқарди.

Экспертлар қозоғистонлик майнерлар томонидан биткоин ишлаб чиқариш қувватининг пасайганлигини маълум қилишди. 1THash майнерининг хешрейти энг кўп зарар кўрган бўлди — 82% пасайиш, OKExPool эса 46,3% га пасайди.

5 январь куни Қозоғистондаги намойишлар ва тартибсизликлар сабабли интернет оммавий равишда чекланди. Таҳлилчилар бунинг оқибатида биткоин хешрейти қулаши мумкинлигини таъкидлаган эдилар.

Ҳозирда Қозоғистон дунё бўйича биткоин майнингининг 18%ни таъминлайди, бу кўрсаткич бўйича мамлакат АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Хитойда криптоактивлар алмашинуви бўйича тақиқлар қўйилгач, кўплаб майнерлар айнан Қозоғистонга кўчиб ўтишган эди, бунинг оқибатида эса мамлакатда электроэнергия танқислиги юзага келди.

Бошқа криптоактивлар курси ҳам пасайган — масалан, эфир 9,4% га арзонлашиб, 3450 долларгача тушган. Bloomberg маълумотларига кўра, уларнинг қулашига АҚШ ФРТнинг асосий ставкани ошириши кутилаётгани тўғрисидаги маълумот таъсир қилган.

Ноябрь ойининг бошида биткоин энг қиммат курсига етганди — 68 000 доллардан ортиқ. Бироқ ундан кейин криптовалюта курси қисқаришни бошлади. Декабрь ойи бошида бир токеннинг нархи 47−49 минг долларга тенг эди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида суюлтирилган газ нархи оширилганидан сўнг бошланган намойишлар Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади.

4 январь куни Мангистау вилоятида нархлар пасайтирилганлиги эълон қилинди, бироқ бу намойишларни тўхтатмади. Намойишчилар ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсий талабларга ўтишди. Чоршанбага ўтар кечаси намойишчилар Олмаота кўчаларида юриш қилишди, полиция нурли ва шовқинли гранаталардан фойдаланди.

Воқеалар ривожида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқди, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаб, Нурсултон Назарбаев истеъфога чиқди.

Мамлакат президенти тартибсизликларни халқаро террористик агрессив ҳаракат деб атади ва КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўради. У аксилтеррор операция бошланганини маълум қилди ва Олмаотада аэропорт қўлга олинганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, шаҳар яқинида Мудофаа вазирлигининг ҳаво-десант бўлинмалари билан жанг кетмоқда.

Шундан сўнг, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистон президенти мурожаатидан сўнг, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида «Коллектив тинчликпарвар кучларни вақтинчалик миссия билан юборишга» қарор қилди.