Қисқа фурсатларда умра сафарлари бошланади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси.

5 январь куни идора раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати билан «Умра — 2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган.

Муфтий Нуриддин Ҳолиқназаров (чапда). Фото: Мусулмонлар идораси.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда умра сафарини ташкил этиш, ҳудудларда COVID-19 пандемиясидан аввал навбатда турган фуқароларнинг имкониятларини ўрганиш, рўйхатларни қайта шакллантириш, авиақатновлар жадвалини ишлаб чиқиш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланган.

Умра сафарларининг бошланиш санаси ва биринчи рейснинг учиш вақти ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади хабарда.

Ҳудудлардаги навбатлар асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан умра сафарига жўнатилади.

Саудия Арабистонига кириш учун қуйидаги вакциналардан бири билан эмланган шахсларгина мамлакатга киритилади: Pfizer, AstraZeneca, Moderna ва Johnson & Johnson.

Мусулмонлар идораси аҳолига умра каби ибодат масалаларида жуда эҳтиёт бўлишлари ва сафарни ваколатли ташкилот Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали адо этишларини сўраган.