Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеалар юзасидан баёнот берди.

«Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеалар Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилиниб, ушбу мамлакатдаги вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда», — дейилади баёнотда.

«Ишончимиз комил, донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади», — дея таъкидлайди ТИВ.

«Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди», — дея қайд этди Ўзбекистон ТИВ.