Шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўйича Варшавада ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар 2 январь куни Ўзбекистонга қайтиб келди.

3 январь куни эса Миллий Олимпия қўмитасида уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Шахмат федерацияси матбуот хизмати.

Рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти, икки хонали уй калити ва 250 млн сўм пул маблағи топширилди.

Қолаверса, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан чемпионатда қатнашган Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидовларга 50 млн сўмдан пул мукофотлари берилди.

Жаҳон чемпионининг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ҳамда марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 млн сўмдан пул ажратилди.

Нодирбек Абдусатторовнинг оиласи. Фото: Президент матбуот хизмати.

Тадбирда сўзга чиққан, Нодирбек Абдусатторовнинг отаси ўғлини тадбирма-тадбир овора қилмасликни сўраб, у янги марраларни эгаллаши учун ҳали кўп меҳнат қилиши лозимлигини таъкидлади. «Бугун Ўзбекистонда мендан бахтли ота йўқ… Агар тадбирма-тадбир юрадиган, уни кўп вақтини оладиган бўлсак, биз мана шундай муваффақиятларга эриша олмаймиз», — деди у.

Миллий олимпия қўмитасидан сўнг, «Янги Ўзбекистон» боғида ҳам жаҳон чемпиони билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Шахмат федерацияси матбуот хизмати.