«ПСЖ» клубининг тўрт нафар футболчиси коронавирусга чалинди. Бу ҳақда клуб матбуот хизматига таяниб Sports.ru нашри хабар бермоқда.

Ҳужумчи Лионель Месси, ҳимоячи Хуан Бернат, дарвозабон Серхио Рико ва ярим ҳимоячи Натан Битюмазала топширган тест мусбат чиққан.

Маълум қилинишича, футболчилар ҳозирда ўзини ўзи яккалаган ва жорий этилган протокол талабларига риоя этмоқда. Улар кейинги учрашувларни ўтказиб юборишига тўғри келади.

Ёзда «ПСЖ»га ўтган Месси Франция Лигасида 11 та ўйин ўтказди. Унинг ҳисобида 1 та гол ва 4 та голли узатма мавжуд.

Шунингдек, парижликлар 19 ўйинда 46 очко тўплаб, Франция лигасининг 2021/2022 йилги мавсуми турнир жадвалида 1-ўринни эгаллаб турибди.