Ўзбекистон ички ишлар вазири Пулат Бобожонов ИИВнинг янги тузилган Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғига ўринбосарларни тайинлади, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

ИИВ тизимида Жамоат хавфсизлиги департаменти президентнинг 29 ноябрдаги Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлашга оид фармони билан ташкил этилганди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев бир вақтнинг ўзида департаментга ҳам раҳбарлик қилади (у аввалроқ, ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи бўлган).

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига — жамоат тартибини сақлаш (аввал — Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси), ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (аввал — Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси), йўл ҳаракати хавфсизлиги (аввал — ЙҲХББ) ва пробация хизматлари киритилди.

Олим Саидов.

Полковник Олим Чориқулович Саидов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари — йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. У тайинловгача ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Бахтиёр Бердиалиев.

Полковник Бахтиёр Эркинович Бердиалиев ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. У бунга қадар ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Даврон Азизов.

Подполковник Даврон Абдуганиевич Азизов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари — жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Азизов тайинловга қадар ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

Аманбай Оринбаев.

Полковник Аманбай Тлеубаевич Оринбаев ИИВ Пробация хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. У бунга қадар ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.