Аввалроқ, Самарқанд вилоятида жамоатчилик фаоли Руслан Хаирнуров тасдиқланмаган хабарни «репост» қилгани (эълон қилинган хабарни қайта тарқатиш) учун ҳибсга олинганди.

«Газете.uz»га «Самаркандский вестник» нашри бош муҳаррири ўринбосари Анастасия Павленко маълум қилишича, гап «Ўзбекистон овози/Голос Узбекистана» каналида жойлаган постни «Новости Самарканда» номли гуруҳга «репост» қилиш ҳақида кетмоқда. Хабарда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиязов Самарқанд вилоятида бош шифокорлик лавозимига ишга тайинлаш учун номаълум шахсдан 80 минг доллар олгани, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги айтилган.

«Эзгулик» жамияти Самарқанд вилоят бўлими хабарига кўра, 2021 йилнинг сўнгги кунида қамоқда бўлган жамоатчилик фаоли Руслан Хаирнуров озодликка чиқарилган.

«31 декабр Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибида фуқаро Рустам Хаирнуровга сиртдан қамоққа олиш бўйича биринчи инстанция ажримини бекор қилди ва айбланувчи «уй қамоғи»га ўтказилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, судьялар Ж.Ботиров, Ф.Рахманов ва Б.Жумабаевларнинг апелляция тартибида қабул қилган ажримида биринчи инстанция суди судьяси Ильхом Эргашев томонидан «ЖПКнинг 242-моддаси талабини бузган ҳолда Р.Хаирнуров томонидан содир этилган жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар турига киришлигини ва айбланаётган модда санкциясида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо назарда тутилмаган бўлса-да, унга нисбатан „қамоққа олиш“ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаб хатоликка йўл қўйган» деган хулосага келинган.

Бундан тарқари, апелляция суди «иш материалларида айбланувчи Р.Хаирнуров терговдан яширинганини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжатлар мавжуд эмас"лигини ҳам тан олган.

Шунингдек, айбланувчи мақомидаги фуқаро Руслан Хаирнуровга уй қамоғидаги тергов муддатида:

  • муайян шахслар билан алоқада бўлмаслик;
  • ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланмаслик ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бормаслик;
  • интернет тармоғидан фойдаланмаслик мажбуриятлари ҳам юклатилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти фуқаро Руслан Хаирнуровнинг тергов жараёни давомида қамоқдан чиқарилиб, «уй қамоғи»га ўтқазилганини олқишлади. «Ушбу натижани фуқаролик жамияти вакилларининг фаоллиги ва ҳукумат органларининг ушбу чақариқларга эътибор қаратганлиги махсули сифатида баҳолаш зарур деб ҳисоблаймиз», — дейилади хабарда.