Жаҳон банки 2021 йил якунига бағишлаб ўз тадқиқотлари натижалари асосида тайёрланган диаграмма ва графиклар сериясини эълон қилди.

Банк маълумотларига кўра, 2021 йилда COVID-19 энг қашшоқ ҳамда заиф қатламларга номутаносиб таъсир кўрсатди. Хусусан, иқтисодиётнинг тикланиши нотекис кечмоқда, вакциналардан фойдаланиш имконияти, даромадлар йўқотилиши ҳамда таълимдаги тафовутлар тобора кенгаймоқда.

«Пандемия туфайли 2020 йилда ўта қашшоқлик даражаси 20 йил ичида биринчи марта ўсди ва 100 миллионга яқин одам кунига 1,90 доллардан кам даромад ҳисобига кун кечирмоқда», — дея қайд этмоқда банк.

Жаҳон банки тақдим этилган диаграмма ва графиклар серияси орқали пандемиянинг оғир асоратлари ҳамда глобал иқтисодий вазиятга шарҳ берди.

Вакциналардан фойдаланишдаги имкониятлар тенгсизлиги

Жаҳон банки маълумотига кўра, бугунги кунда паст даромадли мамлакатларда биринчи доза билан эмланганлар аҳолининг бор-йўғи 7 фоиздан сал кўпроқ қисмини ташкил этса, юқори даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич 75 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, глобал иқтисодий тикланишни мустаҳкамлаш учун COVID-19 вакциналаридан «адолатли ва кенг фойдаланиш имконияти»ни таъминлаш зарур.

Давлатларнинг вакциналарни жойлаштиришга тайёрлик даражаси

Маълум қилинишича, вакциналар пандемияни енгиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бир пайтда, кўплаб мамлакатлар вакциналарни муваффақиятли етказиб бериш ва тарқатиш учун зарур инфратузилмага муҳтож. Ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимлари эпидемияга жавоб бериш ва энг зарурий соғлиқни сақлаш хизматларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ икки томонлама муаммога дуч келаётганлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, банк 140 дан ортиқ мамлакатларнинг COVID-19 вакциналарини хавфсиз жойлаштиришга тайёрлик даражасини баҳолаган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, ҳар 10 та давлатдан 9 таси эмлаш учун мақсадли аҳоли гуруҳини аниқлаб улгурган. Бироқ уларнинг ярми эндигина аҳолида вакцинага нисбатан ишонч ҳосил қилиш учун жамоатчиликни жалб қилиш стратегияларини ишлаб чиққан, 43 фоизида эса стратегия ишлаб чиқиш жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда. Шунингдек, ўрганишлар натижалари 70 фоизга яқин мамлакатларда эмланадиган аҳоли гуруҳларини тайёрлаш жараёнлари ўз ниҳоясига етганлигини кўрсатган. 5 фоиз мамлакатлар эса вакциналарни хавфсиз жойлаштиришга тайёр эмас, деб баҳоланган.

Нотекис глобал тикланиш

Вакциналардан фойдаланиш имконияти тенгсизлиги фонида, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар билан юқори даромадли мамлакатлар ўртасида иқтисодий тикланиш борасида юзага келган тафовут тобора кенгайиб бормоқда.

Жаҳон банкининг июнда эълон қилинган Глобал иқтисодий истиқболлар нашрида жаҳон иқтисодиёти 2021 йилда 5,6 фоизга ўсиши кутилаётгани қайд этилган эди — бу сўнгги 80 йил ичида турғунликдан чиқиш даври учун кузатилган энг тез суръатдаги тикланиш.

Паст ва юқори даромадли давлатлар, BRICS ҳамда глобал ЯИМ ўсиши динамикаси ва прогнозлари. Манба: Жаҳон банки

Бироқ тикланиш нотекис тарзда кечади. Паст даромадли мамлакатлар иқтисодиёти, вакцинация суръатларининг секинлиги ҳисобига, 2021 йилда бор йўғи 2,9 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда — бу сўнгги 20 йил ичида кузатилган энг секин ўсиш эканлиги айтилмоқда (2020 йилни ҳисобга олмаганда). Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ҳамда Жанубий Африка (BRICS) давлатлари иқтисодиёти эса дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори — 7,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Даромадлар йўқотилишидаги фарқлар

Таъкидланишича, пандемия даврида барча даромад гуруҳларида йўқотишлар кузатилган, бироқ энг кескин даромадлар қисқаришини энг камбағал 20 фоизлик аҳоли гуруҳи бошдан кечирган. 2021 йилда энг бой аҳоли гуруҳи эса йўқотишлар тўлқинини тўхтата бошлаганда ҳам ушбу аҳоли гуруҳи даромадлари пасайишда давом этган. Бунга сабаб, энг камбағал 40 фоизлик аҳоли гуруҳида даромадлар даражаси ҳали тикланмаган. Даромадларнинг бу тариқа қисқариши натижасида ўта қашшоқликда кун кечирадиган аҳоли сони 100 миллионга етганлиги қайд этилмоқда.

COVID-19 оқибатида даромадлар йўқотилиши: пандемия юз бермаган ҳолда даромадларнинг кутилган ўсиши (кўк рангда) ва пандемия бошланганидан бери кузатилаётган даромадлар ўзгариши (сариқ рангда) динамикаси. Манба: Жаҳон банки

Инқироз таъсирининг номутаносиблигида гендер омили ҳам рол ўйнаганлиги айтилган.

«Эркаклар ва аёллар инқирозни сезиларли даражада бошқача тарзда бошдан кечиришганлиги ажабланарли эмас. Банк ва бошқа ҳамкорлар маълумотларини ўрганиш шуни кўрсатадики, аёллар иш, даромад ва хавфсизлик нуқтаи назаридан эркакларга қараганда кўпроқ йўқотишларни бошдан кечиришган», — дейилади банк шарҳида.

Савдо — глобал тикланишнинг асосий воситаси сифатида

Ташқи савдо иқтисодий тикланиш ҳамда ўта қашшоқликни қисқартиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Карантин чекловлари юмшатилиб, чегаралар очилганида мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо алоқаларининг тикланиши глобал тикланишнинг тезлашишига хизмат қилди.

Жаҳон банкига кўра, ташқи савдо экспортга барқарор ташқи талабни рағбатлантириш, оралиқ маҳсулот ва хизматлар импортини таъминлаш орқали иқтисодиётни пандемиядан тезроқ тиклашга ёрдам беради. Айниқса, фискал рағбатлантириш воситасида иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш имконияти чекланган энг кам ривожланган давлатларда ташқи савдо иқтисодий ўсишнинг асосий манбаи вазифасини ўтайди.

Пандемия шароитида қарз даражаларининг ошиши

Жаҳон банкининг таъкидлашича, COVID-19 ривожланаётган давлатлар қарз юкини сўнгги 50 йиллик даврдаги рекорд даражага олиб чиқди. Айниқса, паст даромадли мамлакатларда вазият кескин, сабаби уларнинг ярмида пандемиягача бўлган даврдаёқ қарз билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди ёки қарз муаммоси хавфи юқори бўлган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги ўн йилликда бутун дунё бўйлаб қарз даражаси тез ва кенг кўламда ўсиб келаётган эди. 2020 йилда ривожланаётган давлатларда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2010 йилдаги 37,4 фоиздан 63,1 фоизгача, хусусий қарзнинг ЯИМга нисбати эса 80,8 фоиздан 142,1 фоизгача ўсган.

Ривожланаётган давлатларда сўнгги 50 йиллик даврда давлат қарзи ва хусусий қарзнинг ўзгариши динамикаси. Манба: Жаҳон банки

Қайд этилишича, пандемия ортга чекинган тақдирда ҳам, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб боради ва натижада қарз юки узоқ вақт мобайнида сезилиб туради. Бу, ўз навбатида, тикланишни секинлаштириши ва бошқа ривожланиш мақсадларидаги саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қарз ҳисоботлари юритилишининг мураккаблиги

Бугунги кунда давлатлар қарзлари тўғрисида юритиладиган статистика ушбу мамлакатларнинг қарзни ҳисобга олиш борасидаги стандартлари ва таърифлари турлича эканлиги сабаб аслидагидан фарқ қилиши айтилмоқда.

Жаҳон банкининг ривожланаётган мамлакатларда қарз шаффофлигига бағишланган ҳисоботида келтирилишича, паст даромадли мамлакатлардаги қарз захираларининг умумий кўрсаткичлари маҳаллий ва халқаро маълумотлар базаларига оид таърифлар ва стандартлар турличалиги туфайли мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизигача фарқ қилиши мумкин.

Жаҳон банки гуруҳи президенти Дэвид Малпасснинг сўзларига кўра, қарз кўрсаткичларининг ошкоралиги янги юқори сифатли инвестицияларни осон жалб қилиш, коррупцияни камайтириш ва ҳисобдорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Таълим инқирози

Маълум қилинишича, COVID-19 таълимдаги тенгсизликларни ҳам янада кучайтирди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларининг кўрсатишича, мактабларнинг узоқ вақтга ёпилиши ҳамда таълим сифатининг ёмонлашуви — ўзлаштириш даражасининг пасайганлиги сабаб паст ва ўрта даромадли мамлакатларда оддий матнни ўқий олмайдиган 10 ёшли болалар улуши 70 фоизгача етиши мумкин. Пандемиягача бўлган даврда бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил қилар эди.

«Бу келажакдаги даромадлар, қашшоқликни камайтириш ва тенгсизлик даражасини қисқартиршга доимий таъсир кўрсатади. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, талабаларнинг бу авлоди энди умр бўйи топадиган даромадидан 17 триллион доллар йўқотиш хавфи мавжуд», — дея қайд этмоқда банк.

Энергия нархлари ошиши

Жаҳон банки прогнозига кўра, энергия нархлари 2021 йилда ўтган йилга нисбатан ўртача 80 фоиздан юқори бўлиши кутилмоқда.

Энергия — озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва иситиш учун муҳим товар бўлганлиги сабабли, энегия нархларининг ошиши озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг қисқариши ва иситишдаги узилишларга сабаб бўлиши мумкин. Қайд этилишича, юқори энергия нархларининг таъсири аллақачон сезилган — унинг ўғит нархларига таъсири ўз навбатида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш харажатларини оширди.


Пандемия шароитида энергия, озиқ-овқат ва ўғит нархлари ўзгариши динамикаси. Манба: Жаҳон банки

2021 йилнинг иккинчи ярмида озиқ-овқат товарлари нархлари барқарорлаша бошлаган бўлса-да, ҳали ҳам пандемиядан олдинги даражадан юқори эканлиги айтилмоқда.

Иқлим инқирози ва ички иқлим миграцияси

Жаҳон банки иқлим ўзгариши назорат қилинмаса, 2030 йилга бориб ўта қашшоқликда кун кечирувчи аҳоли сони 132 миллион кишига етиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Шунингдек, уларнинг аксарияти ночорлик, тартибсизлик ва зўравонлик ҳукм сураётган шароитда яшашига тўғри келиши мумкин.

Groundswell ҳисоботига кўра, иқлим ўзгариши натижасида 2050 йилга келиб дунё бўйича 216 миллион аҳоли ўз мамлакатлари ичида яшаб турган жойидан бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишига тўғри келиши мумкин. Шундан:

  • Африка — 86 миллион мигрант;
  • Шарқий Осиё ва Тинч океани — 49 миллион мигрант;
  • Жанубий Осиё — 40 миллион мигрант;
  • Шимолий Африка — 19 миллион мигрант;
  • Лотин Америкаси — 17 миллион мигрант;
  • Европа ва Марказий Осиё — 5 миллион мигрант.

«Агар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича биргаликда глобал саъй-ҳаракатлар амалга оширилса, шу билан бирга яшил, инклюзив ва барқарор ривожланиш қўллаб-қувватланса, бу рақамларни сезиларли даражада камайтириш ва ички иқлим миграциясини яхшироқ бошқариш имконияти ҳали ҳам мавжуд», — дея қайд этмоқда банк.

Жаҳон банки хулосасига кўра, 2021 йилда пандемия тараққиётнинг барча мумкин бўлган соҳаларига таъсир кўрсатди, қашшоқликка барҳам бериш ва умумий фаровонликни оширишга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Шунга қарамай йил якунига келиб айрим ижобий ўзгаришлар қайд этилди, жумладан, жаҳон иқтисодиёти ўсди, товарлар савдоси тикланди, озиқ-овқат товарлари нархлари барқарорлаша бошлади, пул ўтказмалари жадал тикланди. Бироқ, коронавируснинг янги вариантлари ва вакциналардан фойдаланиш имкониятининг тенгсизлиги ҳали ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини англатади.