«Пандемия ва глобал инқирозга қарамасдан, юртимизда юқори иқтисодий ўсиш таъминланди. Кўплаб корхоналар, кластер ва технопарклар, замонавий инфратузилма тармоқлари барпо этилди. Янги-янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳ ва шифохоналар, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилмоқда», — дея таъкидлади президент.

«Тадбиркорлик ҳаракати, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги жадал ривожланмоқда. Деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, бу йил ҳам мўл ҳосил етиштирдилар. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг бетакрор қиёфаси шаклланмоқда», — деди у.

Давлат раҳбари мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни янада ривожлантириш мақсадида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилганини таъкидлади. «Унинг асосида „Инсон қадри учун“, деган улуғвор ғояни амалга оширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, янги йилда «тинчлик ва барқарорликни таъминлашга» устувор аҳамият қаратилади.

«2022 йилда иқтисодиётимиз тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътиборимиз марказида бўлади. Аҳоли даромадларини кўпайтириш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга қаратилган муҳим ишларни давом эттирамиз», — деди президент.

«Ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилади. Муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларини, азиз аёлларимиз ҳамда ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берамиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни янада обод қилиш, замонавий уй-жойлар, жумладан, барча ҳудудларда «Янги Ўзбекистон массивлари»ни қуриш асосий вазифалардан бири бўлишини таъкидлади.

«Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ президент 2022 йилни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилишни таклиф этганлиги ҳақида хабар берган эдик.